Президент Шавкат Мирзиёев Нурафшон шаҳрида ахборот хавфсизлиги ва рақамли технологияларга ихтисослашган “Cyber University” давлат университети фаолияти билан танишди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатни минтақавий IT-хабга айлантириш устувор мақсадлардан бири сифатида белгиланган. Бунинг учун давлат бошқаруви ва иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, замонавий алоқа инфратузилмасини ривожлантириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда инновацион экотизимни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Cyber University” давлат университети президентнинг 2025 йил 20 январдаги қарорига мувофиқ, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида мустақил олий таълим муассасаси сифатида ташкил этилган.

Университетда ахборот ва киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва робототехника, киберҳуқуқ, рақамли криминалистика ҳамда кибериқтисодиёт соҳалари учун халқаро талабларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрланмоқда.

Бугунги кунда олийгоҳда 2 та факултет ва 4 та кафедра фаолият юритиб, 8 та бакалавриат ҳамда 2 та магистратура йўналишида қарийб 1 минг нафар талаба таҳсил олмоқда.

Университетда 1 585 ўринли ўқув биноси, 805 ўринли талабалар турар жойи, замонавий спорт мажмуалари, ошхона ва ахборот-ресурс маркази ташкил этилган.

Давлат раҳбари университетда яратилган шароитлар билан танишди. Олийгоҳда таҳсил олаётган ёшлар билан самимий мулоқот бўлиб ўтди.

– Келажакда сиздек мутахассисларга эҳтиёж янада ошади. Ҳар бир соҳа ва ҳар бир ҳудуд рақамли технологиялар билан ҳамоҳанг ривожланмаса, мамлакат тараққий этмайди. Шунинг учун сизлар ўз устингизда тинимсиз ишлаб, энг замонавий билимларни эгаллашингиз керак, – деди президент.

Университет жамоаси халқаро киберхавфсизлик мусобақалари ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги хакатонларда юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда. Экологик барқарорлик тамойиллари асосида шакллантирилган олийгоҳга “Яшил кампус” мақоми берилган.