Регионлардан келаётган хабарларга кўра, август ойида Россияда Украина дронларининг нефтни қайта ишлаш заводлари бўйлаб йўллаётган зарбалари туфайли ёнилғи инқирозининг янги тўлқини бошланган. Мамлакат жанубийидан тортиб Приморе ўлкасигача бўлган ҳудудларлар аҳолиси ёнилғи қуйиш шохобчаларидаги навбатлардан шикоят қилмоқда. Оренбург области ва Сочида бир қўлга бериладиган ёнилғи миқдори бўйича чекловлар тикланган. Бундан ташқари, Сочи шаҳри маъмурияти маҳаллий аҳоли ва сайёҳлардан шахсий транспортда сафарга чиқмасликни сўрамоқда. «Медуза» яна қайси регионларда бензин етказиб беришда муаммолар кузатилаётгани ҳақида ҳикоя қилди.

«7×7» нашри ҳисоблашича, камида 12 регионда ёнилғи учун узун навбатлар кузатилмоқда. Журналистлар бу регионлар қаторида Краснодар ўлкаси, Воронеж, Калуга, Ростов, Рязан, Тамбов, Тула, Саратов, Смоленск, Пенза ва Улянов областлари, шунингдек Приморени санашган.

Бир қўлга бериладиган бензин миқдорига чекловлар ҳам қайтган. Сочи маъмурияти 11 август куни «етказиб беришдаги логистик бузилишлар» туфайли ҳудуддаги автомобилларга ёнилғи қуйиш станцияларида лимитлар ўрнатилганини маълум қилди. Бундан ташқари, заправкаларга юкламани камайтириш мақсадида маҳаллий аҳоли ва сайёҳлардан «имкон қадар шахсий транспортда сафарга чиқишдан тийилиш» сўралган.

Оренбург области губернатори Евгений Солнцев ҳам ҳудудда «ёнилғи билан боғлиқ вазият мураккаблиги»ни маълум қилган. 12 августдан региондаги барча заправкаларда лимитлар (30 литрдан ортиқ бензин, 60 литрдан ортиқ дизел қуйилмайди) ва «жуфт-тоқ» тизими жорий этилди. Бу тизим жуфт рақам билан тугайдиган авторақам эгалари жуфт кунларда, қолганлари эса тоқ кунларда ёнилғи қуйишини назарда тутади. Солнцев «автомобилларга ёнилғи қуйиш станцияларидаги вазиятни мувофиқлаштириш учун» полициячилар ҳам жалб этилишини айтган.

Бундан ташқари, регионлардан бензин тақчиллиги ва заправкаларнинг бир қисми ёпиқлиги тўғрисида шикоятлар келмоқда – Красноярск ўлкаси ва Бошқирдистондан шундай мурожаатлар келиб тушган. Шунингдек, нархлар ўсиши ҳам қайд этилган – бундай ҳолат сўнгги кунларда Владимир Путин ташриф буюрган ҳудудларда кузатилган (ташрифдан олдин нархлар пасайганди).

Красноярскда Путиннинг ташрифидан бир кун олдин ўлкадаги заправкаларнинг бир қисмида бензин нархи кескин пасайган (бир литр учун 24 рублга). Заправкалардагилар буни «логистика вақтинча яхшилангани» ва «тўғридан тўғри нефтни қайта ишлаш заводларидан қўшимча ёнилғи келиб тушгани» билан изоҳлаган. Аммо президент кетиши билан нархлар олдинги даражасига қайтган.

Путиннинг навбатдаги манзили бўлган Новосибирскда унинг кортежи бўш заправка яқинида тўхтаган. Бу ерда президент ўзини кутиб турган болалар билан мулоқот қилган. Кремл пулидаги мухбир Павел Зарубин томонидан олинган бу кадрлар кўплаб нашрларда тарқатилди. Бу кадрларда заправкадаги нархлар таблоси ўчириб қўйилганди.

Москва ва Петербургдан бу масаладаги эътирозлар ҳозирча деярли йўқ. Аммо «Бизнес ФМ» тингловчиси «Роснефт»нинг Дмитровский шоссе бўйидаги бир неча заправкаларида АИ-95 бензини йўқлигини айтиб берган.

Расмийлар инқирознинг янги тўлқини ҳақида расман хабар бермади. Бош вазирнинг ёнилғи соҳасига масъул бўлган ўринбосари Александр Новак 11 август куни ички бозордаги вазият бўйича йиғилиш ўтказган. Унинг якунлари бўйича тегишли идоралар, ҳудудий ҳокимият органлари ва нефт компанияларига «ички бозорни ёқилғи билан таъминлаш бўйича келишилган ишларни давом эттириш», нархлар динамикасини мониторинг қилиш ва истеъмолчиларга бензинни «узлуксиз етказиб бериш»ни кафолатлаш бўйича топшириқлар берилган.