Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Иркутск областидаги кемачилик компанияси ёқилғи йўқлиги учун рейсларни бекор қилди
Иркутск областидаги энг йирик кемачилик компанияси ҳисобланган «Шарқий Сибир дарё пароходчилиги» (ВСРП) ёқилғи инқирози туфайли мунтазам ва экскурсия рейсларини қисқартирмоқда ва чипталар нархини оширмоқда.
Компания баёнотида мавжуд ёқилғи «ижтимоий аҳамиятга эга транспорт мажбуриятларини бажариш»га йўналтирилиши маълум қилинган. Кемачилик компанияси субсидияланган юк ташиш ҳамда паром орқали ташишни амалга оширишга устуворлик қаратган.
«Шарқий Сибир дарё пароходчилиги» Иркутск области ва Бурятияда йилига 600 мингга яқин йўловчи ва икки миллион тоннага яқин юк ташийди. Компанияда 17 та рейс йўналиши, шунингдек, тўртта паром йўналиши мавжуд: булар МРС посёлкаси – Олхон ороли, Листвянка – Байкал порти, Балаганск – Игжей ҳамда Свирск – Каменка.
Компаниянинг ёзги жадвалида унинг еттита экскурсия йўналиши ва тўртта мунтазам рейси борлиги кўрсатилган: учтаси Иркутскдан, биттаси Балаганскдан.
Иркутск областида 28 июн куни юқори шайлик режими жорий этилганди – регион раҳбари буни «бензин инқирози туфайли фавқулодда вазият юзага келишининг олдини олиш» зарурати билан изоҳлаган. «Роснефт» заправкаларида бир кунда битта автомобилга 50 литрдан ортиқ ёқилғи сотмаслик бўйича чеклов ўрнатилган.
Иркутск области губернатори «ёқилғини қонунга зид равишда» сотишга уринишларнинг олдини олиш зарурлигини таъкидлаган. Кўп ўтмай полициячилар бензинни юқори нархларда сотишга уринган тўрт кишига нисбатан протокол тузгани эълон қилинди.
Мавзуга оид
14:30
Новосибирск областида заправкаларнинг катта қисми ишламаяпти
19:00 / 03.07.2026
Россияда амалдорларга навбатсиз хизмат кўрсатувчи заправкалар пайдо бўлди
17:25 / 03.07.2026
Байкалортида бензинга улкан навбат юзага келди
11:05 / 31.05.2026