Жаҳон | 14:30
874
2 дақиқада ўқилади

Новосибирск областида заправкаларнинг катта қисми ишламаяпти

Бир кун олдин Новороссийск шаҳридаги заправкаларнинг барчасида бензин тугаб қолганди.

Фото: EPA/ТАСС

Россиянинг Новосибирск областида ёқилғи билан боғлиқ вазият оғирлигича қолмоқда: ҳудуддаги автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияларининг бир қисми ишламаяпти, ишлаётган заправкалар атрофида эса улкан навбатлар ҳосил бўлган, деб хабар берди ҳудуд губернатори ўринбосари Олег Клемешов.

4 июл тонгида маҳаллий расмийлар «Газпромнефт» тармоғига тегишли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида биринчи навбатда давлат хизматлари, тез ёрдам автомобиллари ҳамда жамоат транспорти учун бензин қуйишга кўрсатма берган.

Клемешов 4 июл куни кундузи бир неча соат давомида «Газпромнефт»нинг Новосибирск, Бердск ва Искитимдаги тўққизта заправкасида биринчи навбатда 24 соат давомида ишловчи фавқулодда хизматларнинг машиналарига устуворлик берилишидан огоҳлантирган.

Унинг сўзларига кўра, «Газпромнефт» бензин қуйиш нуқталарини ошириш мақсадида операторлар бўлмаган станцияларнинг бир қисмини қайтадан ишга туширган.

3 июл куни бир неча соат мобайнида Новороссийскдаги барча заправкаларда бензин бутунлай тугаб қолганди. Фақат куннинг иккинчи ярмига келиб айрим заправкаларда ёқилғи карталарига эга бўлганлар учун бензин сотилиши тикланди.

Новороссийскда ёқилғи билан боғлиқ муаммолар 10 июн куни бошланганди. Июл ойи бошига келиб шаҳар аҳолиси ишлаётган заправкалар атрофида соатлаб навбат кутишга мажбур бўла бошлади.

93.ru нашри Новороссийскда яшовчилардан бирига асосланиб ёзишича, ёқилғи инқирози туфайли шаҳардаги ҳайдовчилар кондиционерларни ишлатмай қўйишган, такси нархлари кўтарилган, кўчаларда эса машиналар сони кескин камайган.

Жорий йил май ойида Украина армияси Россиянинг турли ҳудудларидаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумларни кучайтиргач, Россияда ёқилғи инқирози юзага келди. Июл ойига келиб мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида ёқилғи маҳсулотлари сотувида чекловлар жорий этилган. Бензин тақчиллиги туфайли кўплаб россияликлар заправкаларда соатлаб, баъзида кунлаб навбат кутишга мажбур бўлмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид