Бироқ давлат эҳтиёжлари учун сарфланадиган маблағларнинг иқтисодиётдаги улуши мамлакатлар кесимида сезиларли даражада фарқ қилади. Бу аҳоли таркиби, ижтимоий сиёсат, иқтисодий модел ва ҳукуматнинг бюджет устуворликларига боғлиқ.

Visual Capitalist томонидан Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотлари асосида тайёрланган инфографикада турли мамлакатларда давлат харажатларининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши таққосланган.

Кирибати рейтингда биринчи ўринда

ХВЖ маълумотларига кўра, давлат харажатларининг ЯИМга нисбатан улуши бўйича Кирибати дунёда етакчилик қилмоқда.

Рейтингнинг юқори қисмида Шимолий ва Ғарбий Европанинг бир қатор мамлакатлари ҳам жойлашган. Уларда давлат харажатлари ЯИМнинг қарийб ярми ёки ундан ҳам кўпроғини ташкил этади.

Шу билан бирга, йирик ривожланаётган иқтисодиётларнинг аксарияти давлат эҳтиёжлари учун миллий маҳсулотининг нисбатан камроқ қисмини сарфлайди.

Кирибати ва Маршалл ороллари каби Тинч океанидаги кичик давлатларнинг рейтингда Европа иқтисодиётлари билан ёнма-ён туриши биринчи қарашда кутилмаган натижа бўлиб кўриниши мумкин.

Бунинг асосий сабабларидан бири — ушбу орол давлатларининг хорижий молиявий ёрдам ва халқаро грантларга юқори даражада боғлиқлигидир. Бундай маблағлар миллий иқтисодиёт ҳажми кичик бўлишига қарамай, давлат хизматларига йўналтириладиган харажатларнинг салмоқли қисмини молиялаштириш имконини беради.

Лоуи институтининг Pacific Aid Map лойиҳаси маълумотларига кўра, Кирибати ривожланиш мақсадлари учун катта миқдорда халқаро ёрдам олади. Шу сабаб мамлакатда давлат харажатлари ҳажми унинг йиллик ЯИМга яқин даражага етади.

Европада давлат харажатлари нега юқори?

Европа мамлакатларида эса бошқа тенденция кузатилади. Ривожланган ижтимоий ҳимоя тизими давлат харажатларининг юқори бўлишида асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Жумладан, давлат харажатларининг ЯИМга нисбати:

Финландияда — 57,7 фоиз;
Францияда — 57,2 фоиз;
Белгияда — 54,5 фоиз;
Италияда — 50,6 фоиз;