Visual Capitalist томонидан эълон қилинган инфографикада 2025 йил учун V-Dem Академик эркинлик индекси асосида дунё мамлакатларида университетлар ва илмий муассасалар давлат ҳамда бошқа институтлар аралашувидан қай даражада ҳимоялангани кўрсатилган.

Тадқиқотга кўра, академик эркинлик бўйича энг юқори натижани Чехия қайд этган. Мамлакат 0,98 балл билан рейтингда биринчи ўринни эгаллади. Ундан кейин Эстония (0,97), Белгия (0,95) ва Словения (0,94) жойлашган.



Рейтингнинг юқори қисми деярли тўлиқ Европа давлатларидан иборат. Шу билан бирга, Чили ва Коста-Рика ҳам кўплаб иқтисодий жиҳатдан бой давлатларни ортда қолдириб, етакчилар қаторига кирган. Мутахассислар буни Лотин Америкасининг қатор мамлакатларида университетлар автономияси Конституция даражасида кафолатлангани билан изоҳлайди.

Ямайка ва Сейшел ороллари ҳам юқори ўринларни эгаллаган. Бу академик эркинликни таъминлашда иқтисодий қудратдан кўра, мустақил институтлар ва ҳуқуқий кафолатлар муҳимроқ эканини кўрсатади.

Рейтингнинг қуйи қисмида Хитой, Эрон, Мянма ва Никарагуа қайд этилган. Ушбу мамлакатларда олимлар ва университетлар фаолияти қатъий давлат назорати остида экани таъкидланади. Хусусан, Хитойда аудиторияларда видеокузатув тизимлари, талабалар орқали ахборот тўплаш амалиёти ва кучли мафкуравий назорат жорий қилингани сабабли сўнгги ўн йилда академик эркинлик қарийб 40 фоизга қисқарган.

Ҳиндистон ҳам академик эркинлик энг тез пасайган давлатлардан бири сифатида қайд этилган. Бош вазир Нарендра Моди раҳбарлиги даврида мактаб дарсликларига ўзгартишлар киритилган, мамлакат тарихининг айрим бўлимлари қайта ёзилган. Расмий сиёсатга зид фикр билдирган олимлар эса босим ва таҳдидларга дуч кела бошлаган.

Олий таълим тизимидаги муаммоларга 2026 йилда NEET-UG тиббиёт йўналишига қабул имтиҳони саволлари тарқалиб кетгани учун бекор қилинганидан кейин бошланган оммавий талабалар намойишлари ҳам эътиборни кучайтирди. Бу норозиликлар мамлакат таълим вазири Дхармендра Прадханнинг истеъфосига ҳам сабаб бўлган.

Муаллифлар таъкидлашича, тадқиқот академик эркинлик даражаси кўпчилик ўйлаганидек секин эмас, балки сиёсий қарорлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар таъсирида бир неча йил ичида ҳам сезиларли даражада ўзгариши мумкинлигини кўрсатади. Ҳатто кўп йиллик университет анъаналарига эга давлатларда ҳам илмий мустақиллик қисқа вақт ичида кучайиши ёки аксинча, чекланиши мумкин.