16 августга ўтар кечаси Украина дронлари Москва шаҳри, Москва ва Ростов областларига ёпирилма ҳужум амалга оширди, қурбонлар ва жабрланганлар бор.
Москва области губернатори Андрей Воробевга кўра, ушбу регион сўнгги вақтлардаги энг жиддий зарбани қабул қилиб олган. Тун бўйи ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Домодедово, Подолск, Ступино, Одинцово, Наро-Фоминск, Раменск, Чехов, Коломна, Кашир ва Егоревскда жами 187 та дронни уриб туширган.
Раменск муниципал округида дронлардан бири хусусий уй ҳудудига қулаши оқибатида 83 ёшли эркак ҳалок бўлган. Подолскда уч киши жароҳатланган. Шунингдек, Климовск, «Лесной» боғдорчилик хўжалигида (айнан қайси районда эканига аниқлик киритилмаган) ва Железнодорожний посёлкасида яна уч киши жабрланган.
Подолск шаҳрида дрон келиб урилиши оқибатида Wildberries’нинг «Коледино» саноат зонаси ҳудудидаги омбори ёниб кетди. Област губернаторига кўра, ходимлар зарбадан олдин бошпаналарга олиб ўтилганди ва ҳеч ким жабрланмаган. Телеграм-каналларда омбор ҳудудида кучли ёнғин чиққани ва осмонга қуюқ тутун кўтарилгани акс этган видеолар эълон қилинган.
Компания матбуот хизмати Подолскдаги логистик объектида ёнғин чиққанини тадиқлаган ва у ерда ўз вақтида эвакуация ишлари амалга оширилганини маълум қилган. У ерга янги юклар олиб борилмаяпти ва у ердан юклар олиб чиқилмаяпти – логистика занжирлари қайта тузиб чиқилган.
«Коледино» саноат зонаси ҳудудидаги омбор (250 минг метр квадрат) Wildberries’нинг 10 та энг йирик логистик марказларидан бири эди ва шу вақтгача украинлар зарбаси оқибатида ишдан чиққан еттинчи йирик омбор бўлди. Энди компания йирик омборлари майдонларининг фақат 20 фоизи фаолиятини давом эттирмоқда.
Домодедовода эса ҳужум оқибатида дори-дармон омбори ёниб кетди, деб хабар қилди Воробьев. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ. Округ раҳбари Евгения Хрусталева ёнғин қуршаб олингани, у 56 минг метр квадрат майдонни қамраб олганини қайд этган. Бундан ташқари, Каширда полиция бошқармасининг янги биноси, Воскресенскда эса саноат объектининг айрим иншоотлари шикастланган.
15 август оқшомидан бери Москва томон 600 та дрон учирилди, деган пойтахт мэри Сергей Собянин. Унинг сўзларига кўра, Москва области ҳудудида 201 та дрон йўқ қилинган. Ҳужумлар натижасида Москва автомобил ҳалқа йўли (МКАД) ҳудудида уч киши жароҳатланган. Собяниннинг хабарида бу қандай рўй бергани бўйича тафсилотлар келтирилмаган.
Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари Ростов областига ҳам ҳужум қилди. Ҳудуд губернатори Юрий Слюсар беш киши ҳалок бўлиб, яна бир киши жароҳат олган ҳолда шифохонага ётқизилганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари учта шаҳар ва тўққизта районда 150 дан ортиқ дрон ва ракеталарни йўқ қилган.
Россия мудофаа вазирлиги тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 16 та регион ва аннексия қилинган Қрим осмонида Украинанинг 822 та дрони йўқ қилингани ҳақида баёнот берган. Ҳарбий идора баёнотида ракета ҳужуми ҳақида сўз кетмаган.











