Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Алифбо ислоҳоти бўйича янги қонунни маъқуллади ва Сенатга юборди. Андижонлик аёл 5 нафар эгизак — уч қиз ва икки ўғилни дунёга келтирди. Ўзбекистонда миллий навигация тизими яратилиши мумкин. Тошкентда ов қуроллари ва юзлаб ўқ-дорилар ихтиёрий топширилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистонда миллий навигация тизими яратилиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев рақамлаштириш ва телекоммуникация соҳалари бўйича тақдимот билан танишди.

Унда давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини жорий этиш таклиф қилинди. Платформа сунъий интеллект технологиялари асосида маълумотларни таҳлил қилиш, ҳудудлар кесимида муаммоларни барвақт аниқлаш, қарорлар ижросини мониторинг қилиш, ресурсларни тўғри йўналтириш ва бошқарув самарадорлигини ошириш имконини беради.

Шунингдек, миллий навигация тизимини яратиш таклифи илгари сурилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда асосан АҚШ (GPS) ва Россия (ГЛОНАСС) платформаларидан фойдаланилаётгани қайд этилди. Миллий навигация тизими геомаълумотларни ягона стандарт асосида шакллантириш, транспорт, логистика, тезкор хизматлар, шаҳарсозлик ва давлат хизматларини сифатли ташкил этишга хизмат қилади.

Алифбо ислоҳоти бўйича қонун Сенатга юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Лойиҳада лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига, 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топиши, шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланишига аниқлик киритилиши назарда тутилмоқда.

Ўзгаришлар кучга кириши учун қонун Сенат томонидан маъқулланиб, президент томонидан имзоланиши керак бўлади. Расмий хабарда айтилишича, қонун лойиҳаси амалиётга босқичма-босқич жорий этилади. Хусусан, қонун кучга киргунига қадар расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг амал қилиши сақлаб қолинади.