Тошкентдаги хусусий олийгоҳларда бир йиллик таълим нархи 11 миллион сўмдан 135 миллион сўмгача бўлиб, фарқ 12 бараварни ташкил этади. Олий таълим вазирлигининг 2025 йил январ ойи ҳолатига берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 208 та университет фаолият юритади, шундан 100 таси хусусий ва хорижий ҳисобланади. Нарх таълим сифати ёки рейтингга эмас, балки олийгоҳ моделига боғлиқ: уни ким ташкил этган, қандай диплом беради ва таълим қайси тилда олиб борилади. Биз ўқиш нархи, нарх нимага боғлиқ эканини тушунтириш учун хусусий олийгоҳлар ва хорижий филиалларнинг прайс-листларини жамладик.
Таққослаш учун қайси олийгоҳларни олдик?
Тошкентда бир неча турдаги университет моделлари хусусий олийгоҳлар сифатида фаолият юритади ва уларни нарх бўйича тўғридан тўғри таққослаш ҳар доим ҳам тўғри эмас.
● Маҳаллий хусусий олийгоҳлар — хусусий муассислар томонидан ташкил этилган ва Ўзбекистон лицензияси асосида фаолият юритувчи маҳаллий университетлар.
● Хорижий ҳамкорга эга олийгоҳлар — хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда таълим дастурларини амалга оширувчи ўзбек университетлари.
● Хорижий филиаллар — хорижий университетларнинг Тошкентдаги кампуслари бўлиб, бош олийгоҳ дастурлари асосида фаолият юритади.
● Хусусий тиббиёт дастурлари — ўқиш нархи нисбатан юқори бўлган алоҳида сегмент (MBBS — умумий тиббиёт, DDS — стоматология ва бошқалар).
Тошкентдаги хусусий олийгоҳларда ўқиш қанча туради?
Ҳатто битта олийгоҳнинг ўзида ҳам нархлар бир неча баравар фарқ қилиши мумкин: одатда асосий гуманитар йўналишлар арзонроқ, IT ва халқаро дастурлар қимматроқ туради, тиббий таълим эса энг қиммат сегмент бўлиб қолмоқда. Нархлар кундузги таълим шакли учун кўрсатилган.
Йилига 15 млн сўмгача
Давлат намунасидаги диплом берувчи тўлиқ ўзбек хусусий олийгоҳлари. Асосан педагогика, иқтисодиёт ва гуманитар мутахассисликлар устунлик қилади; IT йўналишлари ҳам мавжуд, аммо кам. Қабул олийгоҳнинг ички имтиҳони асосида амалга оширилади.

Йилига 15–30 млн сўмгача
Энг кенг ва турли хил сегмент. Бунда йирик ўзбек олийгоҳлари, ҳамёнбоп дастурларга эга корейс университетлари ва хорижий диплом берувчи олийгоҳлар мавжуд. Диплом тури муайян олийгоҳ ва таълим дастурига боғлиқ.










