Ўзбекистонда Google Pay хизмати ишга тушди
Google Cloud платформасининг Давлат сиёсати ва давлат ташкилотлари билан алоқалар йўналиши бўйича раҳбари Марцин Красуски Ўзбекистонда Google Pay хизмати ишга туширилганини эълон қилди.
Бу ҳақда у Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги “C5+1” форматидаги тадбирлар доирасида маълум қилди.
Google Pay (ёки қисқача G Pay) — бу Google компанияси томонидан ишлаб чиқилган, смартфон, планшет ёки смарт-соат орқали харидни амалга оширишга мўлжалланган рақамли ҳамён ва электрон тўлов тизими.
Ушбу тизим фойдаланувчиларга ўз банк картасини телефонга улаб, интернетда, шунингдек, дўконларда контактсиз тўлов қилиш имконини беради.
Ўзбекистон аҳолиси 39,5 миллиондан ошди
2026 йил 1 октябр ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 39 миллион 535 минг 225 кишини ташкил этди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 692,2 минг кишига ёки 1,8 фоизга кўп.
Аҳоли сони бўйича Самарқанд вилояти етакчилик қилмоқда — ҳудудда 4 миллион 462 минг 783 киши истиқомат қилади. Иккинчи ўринда 4 миллион 293 минг 1 киши билан Фарғона вилояти, учинчи ўринда эса 3 миллион 799 минг 43 киши билан Тошкент вилояти турибди.
Самарқанд ва Фарғона аҳолиси тўрт миллиондан ошган икки вилоят бўлиб турибди. Сирдарё эса доимий аҳолиси бир миллионга етмаган ягона ҳудуддир.
Тошкентда курьерга қўполлик қилган шахс қамалди
Тошкентнинг Миробод туманида B.P. ресторани вакилининг курьерга қўпол муомала қилгани акс этган видео тарқалиши ортидан икки йўналишда чора кўрилди: у 5 сутка маъмурий қамоққа ҳукм қилинди, пиёдалар йўлаги эса «қонунчилик талабларига мувофиқ ҳолга келтирилди».
Тошкент шаҳри ИИББ маълумотига кўра, ҳодиса 17 октябр куни содир бўлган. Курьер скутерда пиёдалар йўлаги орқали ҳаракатланганда, ресторан вакили уни тўхтатиб, ҳақорат ва уриш билан таҳдид қилган.















