2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди, дея маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев бугунги селекторда.
Давлат раҳбарига кўра, саноатда 8 фоиз, хизматларда 16,9 фоиз, қурилишда 13,8 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш кузатилган.
Куни кеча Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган Фискал стратегияга кўра, йил якуни бўйича ЯИМ ҳажми 8,1 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Бу – йил бошидаги прогноз кескин қайта кўриб чиқилганини кўрсатади. 2026 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда 6,6 фоизлик ўсиш кўзда тутилганди.
“ЯИМнинг реал ўсиши 2027 йилда 6,9 фоиз, 2028 йилда 7,1 фоиз ва 2029-йилда 7,4 фоиз даражасида шаклланиб, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 2027 йилги 5 106 АҚШ долларидан 2029 йилга бориб 6 203 АҚШ долларигача ошиши прогноз қилинмоқда”, дейилади фискал стратегияда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизга ошиб, охирги йиллардаги энг тез иқтисодий ўсиш қайд этилганди.
Бугун, 21 июл куни давлат раҳбари раислигида биринчи ярим йиллик натижалари ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамаси бўлиб ўтди.
Унда Шавкат Мирзиёев 40 миллионли аҳоли ҳаётини яхшилаш учун 9-10 фоизли иқтисодий ўсиш зарурлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, йилнинг биринчи ярмида юқори ўсиш билан бирга, инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт эса 14,4 миллиард долларга етган.
Fitch ва Moody’s халқаро рейтинг агентликлари эса Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини бир поғона яхшилади.
Шавкат Мирзиёевга кўра, ҳар бир вазир ва ҳокимнинг иши одамларнинг яшаш маданиятида сезилмаса, тадбиркорларнинг оғирини енгил қилмаса, бундай натижа фақат “қоғоздаги рақам” бўлиб қолади.
Ойлик, чораклик ва йиллик режасини бажармаган бирорта вазир, ҳоким ёки тармоқ раҳбари бундай шароитда хотиржам ишлашга ҳақли эмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилди.











