Президентнинг «Паррандачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан «Микрокредитбанк» АТБга йўналтирилган маблағлар ҳисобидан паррандачилик хўжаликлари, парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар ҳамда «тайёр бизнес» лойиҳаларини молиялаштириш учун 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб йиллик 10 фоиз ставкада кредитлар ажратилади.
Белгиланишича, мазкур шартлар фақат шу санадан кейин расмийлаштириладиган янги кредит шартномаларига нисбатан қўлланилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 августдан бошлаб ушбу маблағлар ҳисобидан паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга тушириш лойиҳалари ҳамда президентнинг 2024 йил 27 июндаги ПҚ–238-сон қарорига мувофиқ амалга ошириладиган «тайёр бизнес» лойиҳаларига ҳам «Микрокредитбанк» орқали йиллик 10 фоиз ставкада кредитлар тақдим этилади.
Мазкур кредитлар 10 йилгача муддатга, 4 йиллик имтиёзли давр билан ажратилиши белгиланган.











