27 июл куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлат раҳбари Энергетика вазирлиги ва унинг қуйи бўғинларидаги раҳбарларда ижро ва масъулият етишмаётганини танқид қилди.

Одамлар ҳам, тадбиркорлар ҳам тизимга масъул раҳбарларнинг ҳозирги ишидан мутлақо норози. Такрор айтаман: тизимдаги ҳар бир раҳбарнинг қилаётган иши, энг аввало, одамларнинг ҳаётида, турмуш тарзида сезилиши, тадбиркорларнинг мушкулини осон қилиши керак”, деди президент.

Истеъфо ва тайинловлар

Электр энергияси таъминотида узилишлар фонида бир қатор раҳбарлар ишдан олинди. Хусусан, 2022 йилнинг сентябридан бери энергетика вазири лавозимида ишлаб келаётган Жўрабек Мирзамаҳмудов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори сифатида ишлаб келаётган Шерзод Хўжаев эгаллади.

Шунингдек, «Ўзэнергоинспекция» раҳбари Дадажон Исақулов ўрнига Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Аҳадхон Исоқжонов, «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари Асроржон Асқаров ўрнига эса Сардор Исақулов тайинланди. Исақулов аввал «Иссиқлик электр станциялари» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари ҳамда Энергетика вазирлигининг Марказий диспетчерлик бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

Бундан ташқари, «Миллий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр стансиялари», «Трансгаз» ва «Ҳудудгаз» раҳбарларига йил якунигача синов муддати белгиланди. Натижа бўлмаса, улар ҳам ишдан кетиши ҳақида огоҳлантирилди.

«Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида!» – деди давлат раҳбари.

Қайд этилишича, охирги йилларда энергетика соҳасига 23 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилган, жойларда 9,5 гигаваттли электр станциялари ишга туширилган. Электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ва газ тақсимлаш қурилмаларини янгилаш учун 30 триллион сўм ажратилган. Бу олдинги 25 йилда йўналтирилган маблағдан 6 карра кўп.

Сўнгги беш йилда Ширин шаҳри, Янгиҳаёт, Яккасарой ва Оҳангарон туманида электр истеъмоли 2 каррадан зиёд ошган. Бироқ масъуллар ва ҳокимлар тармоқларнинг бундай юкламани кўтара олмаслигини олдиндан ҳисобга олмаган. Давлат раҳбари ҳар бир узилиш тадбиркорлар ва иқтисодиётга қанча зарар келтиргани ҳисоблаб чиқилмаганини танқид қилди. Ҳокимлар энергия истеъмоли балансини аниқ билмагани учун миллиардлаб маблағ ҳавога учган.

“Ҳокимлар ҳам “Бу энергетикларнинг иши” деб хотиржам ўтиришга ҳаққи йўқ. Сўров қаттиқ бўлади”, деди президент.