Президент селекторида энергетика соҳасида жойларда ишни қандай ташкил этиш Янгийўл тумани мисолида кўрсатиб берилди.

Туманда 1 400 километр электр тармоғи ва 422 та трансформатор мавжуд.

Сўнгги беш йилда аҳолининг электр истеъмоли 68 миллиондан 102 миллион киловатт-соатга, яъни 1,5 карра ошган. Лекин бу даврда бор-йўғи 60 та трансформатор ва 240 километр тармоқ янгиланган. Йил бошидан электр йўқотишлари 30 миллион киловатт-соатга етган, тармоқларда 37 та авария содир бўлган.

Тўлов интизоми яхши йўлга қўйилмагани сабабли дебитор қарздорлик 43 миллиард сўмга чиқиб кетган. Шунинг 9,4 миллиард сўми нореал қарздорлик ҳисобланади.

Туманда 829 та истеъмолчининг ҳисоблагичи АСКУЭ тизимига мос келмайди, яна 2 мингта ҳисоблагич маълумот юбормайди. Солиққа «ноль» ҳисобот топширган 48 та корхона эса олти ойда 871 минг киловатт-соат электр ишлатган.

Газ таъминотида ҳам худди шундай аҳвол кузатилмоқда. 5 мингдан ортиқ газ ҳисоблагич маълумот узатмаётгани оқибатида қарздорлик 188 миллиард сўмга етган.

Янгийўл тумани аҳолиси ва тадбиркорларини электр ҳамда газ билан барқарор таъминлаш бўйича махсус штаб ташкил этилади. Унга энергетика вазири Шерзод Ходжаев бошчилик қилади, туман ҳокими Санъат Жуманиёзов эса унинг ўринбосари бўлади.

Масъуллар икки ҳафтада туманнинг 51 та маҳалласида аҳоли ва тадбиркорларнинг ойлик, чораклик ва йиллик талабини ўрганади. Шу асосда “энергия истеъмоли баланси” шакллантирилади.

Қайси маҳаллада трансформатор ёки газ тақсимлаш қурилмасини янгилаш, қаерда тармоқ тортиш зарурлиги аниқ белгиланади. АСКУЭ ва АСКУГ тизимига мос келмайдиган ҳисоблагичлар алмаштирилиб, маълумот узатмаётган қурилмаларнинг узлуксиз алоқаси таъминланади.

Электр ва газ йўқотишларини 2 карра камайтириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Бунда зарур маблағнинг қанчаси тизим корхоналари, қанчаси маҳаллий қўшимча даромад ҳисобидан ажратилиши аниқ кўрсатилади.

Йирик истеъмолчи бўлган корхоналар энергия аудитидан ўтказилиб, уларни тежамкор технологияларга ўтказиш учун банклар томонидан ресурс ажратилади. Барча боғча, мактаб, техникум, шифохона ва поликлиникаларнинг энергия сарфи таҳлил қилиниб, тоифаларга ажратилади.

Кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими диагностика қилинади, қарздорликни бартараф этиш бўйича кўчама-кўча иш олиб борилади. Барча ишлар 1 октябргача якунланиб, Янгийўл электр ва газ таъминоти бўйича намунавий туманга айлантирилади.