Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш учун барча соҳаларда, хусусан, энергетикада замонавий кадрлар зарурлигини таъкидлади.

Ҳозир 25 та техника олийгоҳида бу йўналишда йилига 5,5 минг мутахассис тайёрланмоқда.

“Очиғи, таълим амалиёт билан боғланмагани учун битирувчининг ишга киришиб кетишига 2-3 йил кетяпти”, – деди президент.

Масъулларга бир ойда олийгоҳлардаги ёқилғи-энергетика йўналишлари бўйича таълим дастурларини тўлиқ янгилаш топширилди. 1 сентябргача лаборатория ва полигонларни янги талабларга мослаштириш бошланади.

Янги ўқув йилидан 3-курс талабаларининг ярми, 4-курс талабаларининг барчаси дуал таълимга қамраб олинади. Чунки келгуси 2-3 йилда қуёш ва шамол генераторлари, электр зарядлаш ускуналари каби йўналишларда минглаб мутахассисларга эҳтиёж пайдо бўлади.

Саудия Арабистонининг «ACWA» компанияси Ширин энергетика техникумини жиҳозлаб, йилига 220 нафар ёшни янги касбларга тайёрламоқда. Янги ўқув йилидан Қорақалпоғистон, Бухоро ва Навоийдаги биттадан техникумда ҳам ушбу тажриба жорий этилади.