28 июл куни ўтказилган тантанали маросимда президент Шавкат Мирзиёев дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини Янги Ўзбекистондаги фаолияти бошлангани билан табриклаб, бугунги мураккаб геосиёсий шароитда дипломатларнинг масъулияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари ҳар бир элчига мурожаат қилиб, улар вакиллик қилаётган мамлакатлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга тўхталди. Хусусан, Италия билан “яшил” энергетика ва таълим, Саудия Арабистони билан 25 миллиард долларлик лойиҳалар портфели, Кувайт билан инвестиция ва инфратузилма, Жазоир билан нефт-газ ва қишлоқ хўжалиги, Малайзия билан ярим ўтказгичлар ва ислом молияси, Покистон билан Трансафғон транспорт йўлаги, Озарбойжон билан инвестиция портфелини 10 миллиард долларга етказиш ҳамда Қозоғистон билан ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга олиб чиқиш бўйича режалар алоҳида қайд этилди.





Маросим якунида президент янги тайинланган элчиларга дипломатик фаолиятида муваффақият тилаб, уларни Ўзбекистон ҳудудлари ва хусусий сектор билан фаол ҳамкорлик қилишга чақирди. Элчилар эса мамлакат билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш учун бор имкониятларини сафарбар этишини билдирди.




















