Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров ва амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ўртасидаги шахмат тожи учун баҳс Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтади.

Баҳс 25 ноябр-15 декабр кунлари ўтказилади. Бу вақтда Гукеш ва Синдоровлар 20 ёшда бўлишади – жаҳон шахмат тожи учун курашадиган энг ёш шахматчилар сифатида тарихга киришади.

“Жаҳон чемпионлиги учун ўтказиладиган учрашувга мезбонлик қилишга бир нечта давлат, хусусан, Ҳиндистон, АҚШ ва Кипр қизиқиш билдирди. Барча таклифлар синчиклаб кўриб чиқилганидан сўнг FIDE учрашувни нейтрал ҳудуд — турли халқлар ва маданиятларни бирлаштирган Женева шаҳрида ўтказишга қарор қилди. Биз Швейцарияда жаҳон шахмат жамоатчилигини кутиб олиш имкониятини интиқлик билан кутмоқдамиз. Маҳаллий шахмат мухлислари жаҳон даражасидаги партияларни жонли тарзда томоша қилиш имконига эга бўладилар, бутун дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар эса олий шахмат унвони учун кечадиган баҳсни онлайн тарзда кузатишлари мумкин”, — деди FIDE президенти вазифасини бажарувчи Вишванатан Ананд.

Синдоров апрелда Кипрда ўтказилган даъвогарлар турнирида муддатидан олдин ғалаба қозонганди. Гукеш 2024 йил декабрда хитойлик Дин Лижэнни енгиб жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.