28 июл куни Андрей Сибиха ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Аббос Арағчи билан телефон орқали мулоқот қилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Украина барча ҳаракатларини фақат Россиянинг агрессиясидан ҳимояланишга қаратган ва ҳеч қачон фуқаролик кемалари ёки тинч аҳолига қарши зарба беришни мақсад қилмаган.
Сибига сўзларига кўра, бундай ҳодисаларнинг асосий сабаби Россиянинг Украинага қарши уруши бўлиб, юзага келаётган қурбонлар ва провокациялар учун масъулият ҳам Москва зиммасида. Шунингдек, у Эронни вазиятни янада кескинлаштириши мумкин бўлган ҳар қандай қадамлардан тийилишга чақирди ҳамда Россияга кўрсатилаётган ҳар қандай қўллаб-қувватлашни тўхтатиш зарурлигини таъкидлади.
Украина дипломати Европа ва Яқин Шарқ барқарорлик, хавфсизлик ва тинчликка муҳтож эканини қайд этиб, Киевнинг бу борадаги позицияси ўзгармаслигини билдирди.
Орадан кўп ўтмай Аббос Арағчи ҳам X орқали муносабат билдирди. Унинг айтишича, Сибиха ҳужум қасддан амалга оширилмаганини ва Украина эскалацияни истамаслигини маълум қилган. Бироқ Эрон ҳам вазиятни кескинлаштиришни хоҳламаслигини, аммо мамлакат фуқаролари ёки манфаатларига қарши ҳар қандай ҳужум қабул қилиниши мумкин эмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, Теҳрон етказилган зарар қоплаб берилишини талаб қилди.
25 июл куни Эрон Каспий денгизидаги ўз савдо кемасига қилинган ҳужум учун Украинани айблаган эди. Теҳрон маълумотига кўра, кема бортида портлаш содир бўлиб, бир денгизчи ҳалок бўлган, яна бири жароҳат олган. Эрон ташқи ишлар вазирлиги бу воқеани БМТ низомининг бузилиши деб баҳолаб, мамлакат Россия ва Украина ўртасидаги урушга аралашмаганини билдирган.
Шу билан бирга, Украина президенти Володимир Зеленский 25 июл куни Каспий денгизида амалга оширилган узоқ масофали зарбалар «яхши натижа бергани»ни маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳужумлар Эрон ва Россия ўртасида ҳарбий юкларни ташишда фойдаланилган кемалар ҳамда бир ҳарбий кемага қаратилган.
Украина Хавфсизлик хизмати ҳам шу куни берган баёнотида дронлар халқаро санкциялар остида бўлган ва Эрон билан Россия ўртасида ҳарбий юкларни ташиш учун ишлатилган юк кемаларига зарба берганини маълум қилди. Бу ҳолат Каспий денгизидаги воқеалар юзасидан Киев ва Теҳрон ўртасида дипломатик мулоқотларни янада фаоллаштирди.











