Украина президенти Володимир Зеленский 28 июл куни Вашингтонда АҚШ президенти Доналд Трамп билан Оқ уйда учрашди. Зеленскийнинг АҚШга ташрифи республикачи сенатор Линдси Грэм билан видолашув маросими муносабати билан амалга оширилди. Грэм Украинага ёрдам кўрсатиш тарафдорларидан бири сифатида танилган эди.
Ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва бир соатга яқин давом этган музокараларда асосий эътибор Украина билан ҳарбий ҳамкорликни давом эттиришга қаратилди. Зеленский учрашувда Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун тутиб қолувчи ракеталарни лицензия асосида ишлаб чиқариш ҳамда Украинага ёрдам бериши мумкин бўлган бошқа ташаббуслар муҳокама қилинганини маълум қилди. Шунингдек, томонлар дипломатик жараёнларни фаоллаштириш масаласига ҳам тўхталди.
Экспертлар фикрича, мазкур учрашувда эришилган аниқ келишувлардан кўра, музокаралар қандай муҳитда ўтгани муҳимроқ аҳамиятга эга. Зеленский ижтимоий тармоқларда эълон қилган суратларда икки давлат раҳбарлари самимий муҳитда мулоқот қилгани акс этган.
Киев-Могила академияси ўқитувчиси ва «Украина призмаси» таҳлил маркази эксперти Александр Краевнинг таъкидлашича, Трампнинг Украинага нисбатан муносабати аввалгига қараганда анча ижобий тус олган. Унинг фикрича, Россия музокараларни сустлаштиришда давом этаётган бир вақтда Украина ҳамкорликка тайёр эканини ва муросага интилаётганини намоён қилмоқда. Бу эса Трамп учун сиёсий жиҳатдан мақбул ҳамкор образини шакллантирмоқда.
Эксперт бу ҳолатни АҚШ маъмуриятининг Россияга қарши янги санкциялар ҳақидаги Грэм–Блюментал қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаши ва Пентагоннинг Украинага ажратиладиган маблағларни қайта фаоллаштириши билан ҳам изоҳлайди. Унинг таъкидлашича, бу жараён мураккаб кечаётган бўлса-да, муносабатларда ижобий силжиш кузатилмоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, музокараларда икки асосий йўналиш муҳокама қилинган. Биринчиси — Европада Patriot тизимлари учун ракеталарни лицензия асосида ишлаб чиқариш ва қурол-яроғ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш. Иккинчиси эса Россия билан урушни тугатишга қаратилган дипломатик жараёнлар бўлган. Маълум қилинишича, Киев АҚШ президентининг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнернинг Украинага ташрифини ҳам кутмоқда.
Шу билан бирга, Украина ташқи сиёсат таҳлилчилари Вашингтоннинг Киевга қизиқишида яна бир омил — Эрон йўналиши муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидламоқда. Миллий стратегик тадқиқотлар институти эксперти Иван Уснинг фикрича, 25 июл куни Украина кучларининг Каспий денгизида Россия ва Эрон ўртасида ҳарбий юк ташишда фойдаланилган кемаларга қарши амалга оширган ҳужумлари АҚШ учун Украинанинг стратегик аҳамиятини оширди.
Унинг баҳолашича, АҚШ ва Исроил Эронга жануб томондан босим ўтказиш имкониятига эга бўлса, Каспий денгизи орқали шимолий йўналишдаги босимда Украина муҳим ўрин тутади. Шу боис таҳлилчилар Трампнинг Зеленский ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан деярли бир вақтда учрашувлар ўтказганини ҳам умумий геосиёсий стратегиянинг бир қисми сифатида баҳоламоқда.
Экспертлар фикрича, бу омиллар Украинанинг АҚШ ташқи сиёсатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаши ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга чиқишига хизмат қилиши мумкин.











