Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украинада ҳарбий саноат учун замонавий технологиялар ишлаб чиқараётган 500 га яқин компания фаолият юритмоқда. Унинг таъкидлашича, ушбу технологиялар украиналик ҳарбийлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бераётган бўлса, Россия ҳар ой тахминан 30 минг нафар ҳарбийдан айрилаётганини билдирди.

Украина президенти Россия президенти Владимир Путин урушни тўхтатишни истамаётганини айтди. Унинг фикрича, Кремл ҳеч қандай шаклдаги мулоқот ёки тинчлик музокараларига қизиқиш билдирмаяпти. Зеленский Киев ҳар куни ўт очишни тўхтатиш ва дипломатик музокаралар учун имконият яратишни таклиф қилаётганини, бироқ бу ташаббуслар Россия томонидан рад этилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, у Украинанинг Россия ҳудуди ва аннексия қилинган Қримдаги ҳарбий объектларга узоқ масофадан зарба бериш имконияти кенгайганини қайд этди. Зеленскийнинг таъкидлашича, айнан юқори технологияли қуроллар ва дронлар Украинага жанг майдонида ташаббусни ўз қўлига олиш имконини берган.

Володимир Зеленский 28 июл куни Вашингтонга ташриф буюриб, АҚШ президенти Доналд Трамп билан Оқ уйда ёпиқ эшиклар ортида бир соатдан ортиқ музокара ўтказди. Учрашувда Patriot мажмуалари учун тутиб олувчи ракеталар ишлаб чиқариш лицензиялари, ҳарбий ҳамкорлик ва Украинадаги урушни дипломатик йўл билан якунлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг Зеленский Telegram саҳифасида Трамп билан учрашувни «яхши ва мазмунли» деб баҳолади. АҚШ президенти ҳам Truth Social тармоғида Украина раҳбари билан учрашув «жуда яхши ўтгани»ни маълум қилди.

Ташриф доирасида Зеленский Украина тарафдори сифатида танилган америкалик сенатор Линдси Грэм билан видолашув маросимида ҳам қатнашди. Шу куни АҚШ Сенати Россия ва Эронга қарши янги санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини кейинги муҳокама босқичига ўтказишни маъқуллади.