Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 30 июл – 1 август кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлади.

Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, транспорт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш юзасидан фикр алмашадилар.

Шунингдек, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилиши режалаштирилган.

Саммит якунлари бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.

Ташриф дастурига мувофиқ, президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Озарбойжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви ҳамда бошқа расмий тадбирларда ҳам иштирок этади.