Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ-Эрон уруши
Чоршанба куни АҚШ ҳарбийлари Эронга яна зарбалар беришни бошлади. «Ушбу зарбалар Эроннинг кеча АҚШ кучларига уюштирмоқчи бўлган ҳужумларига нисбатан кучли жавобдир», дейилади АҚШ Марказий қўмондонлиги баёнотида.
Эронга берилган зарбалар президент Доналд Трамп қасос олишга ваъда берганидан сўнг амалга оширилди.
«Энди навбат бизники», деди Трамп Оқ уйда журналистларга. У Вашингтон Теҳрон билан тинчлик келишувига эришиш мақсадида давом этишини таъкидлаган ҳолда, уларга «жуда қаттиқ зарба беришга» ваъда қилди.
Centсom зарбаларидан бироз аввал Мисрнинг Даметта портида жойлашган АҚШга тегишли газ сақлаш танкерига дрон келиб урилган. Миср нефт вазирлиги баёнотида портда ёнғин содир бўлганини тасдиқлади, аммо дрон ҳужуми ҳақида ҳеч нарса дейилмади. Дронни ким учиргани ҳозирча маълум эмас.
Шу билан бирга, кеча АҚШ ва Саудия Арабистони кучлари Ироқ шарқидаги қуролли гуруҳларга зарба бериб, 20 кишининг ўлимига сабабчи бўлганди. Эрон эса Иорданиядаги АҚШ қўшинларига қарата ракеталар учирган.
Ўтган ҳафтада Ямандаги ҳусийлар Саудияга денгиз қамалини эълон қилиши, Ироқ ва Мисрдаги сўнгги зарбалар — Яқин Шарқнинг кўпроқ давлатлари ушбу можарога тортилиши хавфини юзага келтирмоқда.
АҚШ ва Саудия Арабистонининг қўшма ҳужумлари эса Ар-Риёд илк бор очиқ равишда урушда иштирок этганини англатади. Чоршанба кунги қўшма ҳужумлардан сўнг Саудия Арабистони мудофаа вазири Вашингтонда АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс билан учрашди. У Трамп маъмуриятини Ямандаги ҳусийларга ҳужум қилиш ва Ироққа яна зарбалар бериш орқали можарони янада кескинлаштирмасликка чақирган.
Reuters манбаларига кўра, Саудия расмийлари урушга қўшилиб кетишдан ва бундай кескинлашув уларга «номаълум хавф-хатарлар» олиб келишидан хавотирланмоқда.
Ғазога ҳужумлар давом этмоқда
Исроил Ғазодаги сулҳга қарамай амалга оширган сўнгги ҳужумлари оқибатида уч нафар фаластинлик ҳалок бўлди ва яна 27 киши яраланди.
Пайшанбага ўтар кечаси Исроил ҳарбий самолётлари Ғазо шаҳрининг ғарбий қисмидаги турар жой биносига зарба берди: оқибатда етти нафар фаластинлик жароҳат олди.
Зарбалар бинони бутунлай вайрон қилган ва яқин атрофдаги уйларга катта зарар етказган.
Чоршанба куни аввалроқ Ал-Мавасида тинч аҳолини нишонга олган Исроил дрони ҳужуми оқибатида икки фаластинлик ҳалок бўлган ва яна 16 киши яраланганди.
Ғазо шаҳрининг Ар-Римал маҳалласида ҳам Исроил дрони тинч аҳолига зарба бериши оқибатида бир фаластинлик ҳалок бўлган ва яна уч киши жароҳатланган.
Anadolu'нинг хабар беришича, сешанба куни Исроил қирувчи самолётлари Ғазо шаҳри марказидаги Ал-Муттақин масжидига зарба бериб, бинони бутунлай вайрон қилган. Ҳужум кўчирилган оилалар яшаётган чодирларни ҳам вайрон қилган, шунингдек, яқин атрофдаги уйлар ва фуқароларнинг мол-мулкига катта зарар етказган.
Ушбу ҳужумлар 2025 йил 10 октябрда кучга кирган ўт очишни тўхтатиш битимига қарамай содир бўлмоқда.
Фаластин расмийларининг маълум қилишича, Исроил 2023 йилда Ғазога нисбатан геноцид кўринишида уруш бошлаганидан бери 73 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган ва 174 мингдан ортиғи яраланган. Сектордаги фуқаролик инфратузилмасининг тахминан 90 фоизи вайрон қилинган.
Россиянинг жавоб зарбалари
Пайшанба куни Россиянинг жавоб тариқасида учирган баллистик ракеталари Украинада камида етти кишининг умрига зомин бўлди.
Ҳужумлар президент Володимир Зеленский Қўшма Штатлардан қайтаётган пайтда юз берди. У ерда Зеленский Доналд Трамп уларга Patriot ракеталари учун лицензиялар беришга рози бўлганини айтганди.
Украинанинг аксарият ҳудудларида ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш сигналлари янгради. Пойтахтда бир киши ҳалок бўлди ва яна икки киши жароҳат олди.
Марказий Кривой Рог шаҳрида 6 киши ҳалок бўлган ва яна саккиз киши жароҳатланган. Шаҳар мудофаа кенгаши раҳбари Олександр Вилкулнинг сўзларига кўра, бунга «Искандер-М» баллистик ракетасининг тўғридан тўғри зарбаси сабаб бўлган. Унинг айтишича, Россиянинг Воронеж вилоятидан учирилган ракета кўп болали оиланинг уйига келиб тушган.
Полшага яқин жойлашган Лвив шаҳрида Россия ракеталари иккита кўп қаватли уйга зарар етказиб, 15 кишини жароҳатлади.
НАТО аъзоси бўлган Полша Россиянинг ҳаво ҳужумлари фонида қирувчи самолётларини ҳавога кўтарди. Шунингдек, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ва радар разведка тизимлари тайёр ҳолатга келтирилди.
Украина эса Россиянинг энергетика объектлари ва нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришда давом этмоқда. Жумладан, дунёдаги энг йирик мамлакатда ёнилғи инқирози чуқурлашмоқда, дрон зарбалари WB'нинг ўнга яқин омборхонасига зарар етказди.
Сунъий интеллект етакчилари хавотирда
OpenAI, Anthropic, Google, Meta, Microsoft каби ўнлаб етакчи сунъий интеллект лабораториялари ходимлари АҚШ ҳукуматига мурожаат қилди. Улар илғор СИ моделлари ривожланишини маълум маънода секинлаштиришни — ёки ҳеч бўлмаганда глобал даражада мувофиқлаштирилган бошқарув жорий этишни сўрамоқда.
«СИ ажойиб келажакни яратишга ёрдам бериши мумкин, аммо бундай натижа кафолатланмаган», дейилади 1100 дан ортиқ соҳа олимлари имзолаган баёнотда.
Уларнинг айтишича, етакчи компаниялар тадқиқотларни автоматлаштириш арафасида турган бўлиши мумкин. Бу ҳолат СИ тараққиётини қанчалик тезлаштириб юборишини олдиндан башорат қилиш қийин. «Аммо имкониятларнинг ривожланиши — олимлар ушбу тизимларни тушуниш ёки назорат қилиш лаёқатидан кўра тезроқ ўсиб кетиши хавфи бор». Ва бу жиддий хавф.
Ушбу баёнот — ўтган ҳафтада сунъий интеллект саноатини ларзага келтирган, катта шов-шувларга сабаб бўлган ҳодисадан сўнг пайдо бўлди. Ўшанда Open AI'нинг ҳали оммага тақдим этилмаган модели ўзининг ички чекланган муҳитидан чиқиб кетганди. У айланма йўллар билан интернетга кириш имконини қўлга киритди ва шундан сўнг рақобатчи компанияга муваффақиятли ҳакерлик ҳужуми уюштирди.
Олимларнинг таъкидлашича, дунё бўйлаб мувофиқлаштирилган тартибга солиш тизими — СИ пойгаси хавфсизлик ва назорат қилиш воситаларини ортда қолдириб кетмаслиги учун зарурдир.
Дуровга айблов эълон қилинди
29 июл куни Россияда Telegram асосчиси Павел Дуровга террорчилик фаолиятига кўмаклашиш бўйича айблов эълон қилинди.
Федерал хавфсизлик хизматига кўра, Telegramʼдаги «Dayvinchik/Leo» деб номланган чат-ботдан Украина махсус хизматлари ёш россияликларни диверсия ва террорчилик операцияларига ишга ёллаш учун фойдаланган.
Баёнотда айтилишича, ёш қизлар қиёфасида ёзишган украиналик жосуслар жиноят содир этишга мажбурлашдан олдин россияликлар билан боғланишган ва уларни тузоққа туширган.
Украина ҳозирча бу ҳолат юзасидан изоҳ бермади. ФХХ баёнотида Дуров халқаро қидирувга берилаётгани айтилган, аммо Россия бунинг учун қандай механизмдан фойдаланишига аниқлик киритмаган.
Ушбу айбловлар Дубайда яшовчи Дуровга қарши олиб борилган узоқ муддатли терговнинг энг юқори чўққиси бўлди.
Феврал ойида Россия ҳукуматининг газетаси Дуров терроризмга оид иш бўйича тергов қилинаётганини хабар берганди. Ўшанда Дуров «Россия Конституциясининг сўз эркинлиги ҳамда шахсий ёзишмалар сирини кафолатловчи» моддаларини ҳимоя қилаётганини айтганди.
Аслида Россияда мессенжер фаолияти сезиларли даражада чеклаб қўйилган. Шунга қарамай, Россия ҳукумати идоралари, жумладан, Кремл ва мудофаа вазирлиги ундаги саҳифасига ҳар куни хабарлар жойлашда давом этмоқда. Айтганча, Дуровга айблов ҳам Telegramʼдаги каналларда эълон қилинди.
Бугунги кунда илова — Россия ва Украина ўртасидаги урушда «виртуал жанг майдони» деб таърифланмоқда. Ундан ҳар икки томоннинг расмийлари, ҳарбийлари ва нуфузли блогерлари фойдаланиб келади.










