Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидан оқиб ўтувчи Катта Фарғона каналига ФВБ сувда қидирув-қутқарув махсус гуруҳи сафарбар этилган. Чунки 50 ёшли эркак эҳтиётсизлиги оқибатида каналга тушиб кетган, 5 кундирки жасад топилгани йўқ. Ғаввослар гуруҳи сув ости ва сув устида қидирув ишларини олиб боришяпти. Қутқарувга жалб қилинган ғаввослар билан чўкиш ҳолатлари ва қандай омиллар сувда инсоннинг чўкиб кетишига сабаб бўлиши ҳақида суҳбатлашдик.

Ҳар йили республика миқёсида юздан ортиқ одам сувда чўкиш оқибатида ҳалок бўлади. Чўкиш билан боғлиқ ҳолатлар айниқса ёз фаслида кўпаяди. Сузишни билмаслик, ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтда терлаган ҳолда сувга тушишдан оёқ томирлари тортиб қолиши, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда чўмилиш, мумкин бўлмаган жойда чўмилиш каби ҳолатлар бахтсиз ҳодисаларга олиб келиши мумкин. Kun.uz мухбири Катта Фарғона каналида фаолият олиб бораётган ФВБ ғаввослари билан чўкиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан суҳблатлашди.

Сувда қидирув-қутқарув махсус гуруҳи қутқарувчиси Жасур Нўмоновнинг айтишича, юза қисми тинч оқаётганига ишониб сув ҳавзасига сакраш оқибатида кўплаб инсонлар чўкиб ҳалок бўлар экан. “Бир қарашда сув юзаси сокин кўрингани билан ичкарида ҳаракат кучли бўлади. Бу эса мувозанатнинг йўқолишига олиб келади”, дейди тажрибали ғаввос.

Жасур Нўмонов, ғаввос

“Ёш болалар ўртасида чўкиш ҳолатлари айниқса, ёз мавсумида кўпаяди. Ота-оналарнинг фарзандига бефарқлигидан, мумкин бўлмаган жойларда чўмилишдан, сузишни билмасликдан бахтсиз ҳодисалар келиб чиқяпти.

Оддий мисол, кўп учрайдиган ҳолатлардан бири: ёш болалар иссиқ ҳавода сув ҳавзаларига келади-да, сувга ташлаган пайти иссиқ-совуқ бўлади, сув совуқлигининг ҳисобига оёқ томирлари тортишади. Томир тортгандан кейин бола мувозанатини йўқотади ва ўзини эплай олмай чўкиш ҳолатларига олиб келади.

Иккинчидан, ёши катта инсонлар спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда сувнинг юзаси тинчлигига ишониб сувга сакрашади. Шуни ёдда тутиш керакки, сув тагида оқим кучли бўлади. Сузишни билган ҳар қандай одам ҳам буни англаб етмайди. Билса ҳам бунга бефарқ бўлади. Оқибатда ўзини эплай олмай қолади. Мувозанат йўқолгандан кейин инсон чўкиб, бахтсиз ҳодисаларга олиб келиши мумкин.

Ғаввослик машаққатли касб. Сувости жуда шовқин ва қоронғи, ҳеч нарса кўринмайди, пайпаслаб сув остида қидирув ишларини олиб борамиз. Сув остига тушишдан аввал махсус кийимлар кийиш билан бирга белимга арқон боғлайман. Сув остида буйруқни бажаришим керак бўлади. Тепаликдаги ҳамкасбим арқонни тортиш йўли билан ҳолатимни билиб туради ёки буйруқ беради. Бир сўз билан айтганда арқон – сув остидаги “рациямиз”.