Россия қўшинлари 30 июлга ўтар кечаси Украина ҳудудига баллистик ва қанотли ракеталар, шунингдек, зарбадор дронлар ёрдамида оммавий ҳаво ҳужуми амалга оширди. Ҳужумлар мамлакатнинг бир қатор шаҳарлари ва вилоятларини қамраб олди.
Киев шаҳрига ракета зарбалари берилди. Пойтахтнинг бир нечта туманида ракеталар парчалари тушиб, ёнғинлар келиб чиққан. Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти маълумотига кўра, ҳужум оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган.
Лвив шаҳрида ҳам портлаш овозлари эшитилди ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга туширилди. Шаҳар мэри Андрей Садовий ҳамда Лвив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкийнинг маълум қилишича, икки кўп қаватли турар жой биносига зарар етган. Ҳодиса жойида қутқарув хизматлари иш олиб бормоқда.
Ҳаркив шаҳрининг Новобавар туманида эса «Шаҳед» русумидаги дрон саноат ҳудудига келиб тушган. Бу ҳақда шаҳар мэри Игор Терехов маълум қилди. Ҳозирча ҳодиса оқибатлари ҳақида қўшимча маълумот берилмаган.
Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари Россия томонидан баллистик ва қанотли ракеталар, зарбадор дронлар ҳамда бошқариладиган авиация бомбаларининг оммавий учирилгани ҳақида огоҳлантирди. Винница, Черкасси, Кривий Рих, Суми шаҳарлари ҳамда Ивано-Франковск вилоятида ҳам портлашлар ҳақида хабарлар тарқалди.
Энг оғир оқибатлар Днипропетровск вилоятидаги Кривий Рих шаҳри яқинидаги Радушне қишлоғида кузатилди. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, «Искандер-М» баллистик ракета хусусий уйга келиб тушган. Уйда яшаган кўп болали оиланинг икки нафар қизи — 5 ва 12 ёшли болалар, шунингдек, тўрт нафар катта ёшли киши ҳалок бўлган. Яна саккиз киши жароҳат олган, улар орасида 6 ва 15 ёшли болалар ҳам бор. Қутқарувчилар вайроналарни тозалаш ишларини давом эттирмоқда ва қурбонлар сони яна ортиши мумкинлиги айтилмоқда.
Украина президенти Володимир Зеленский ҳужумдан бир кун аввал Россия томонидан йирик ҳаво зарбаси берилиши эҳтимоли юқори эканини маълум қилган эди. Унинг айтишича, Қуролли кучлар бош қўмондони Анатолий Кривоножко Россия бу ҳужумни бир неча кун аввалдан тайёрлагани ҳақида ахборот берган.
Зеленский халқаро ҳамкорларни, айниқса АҚШ ва Patriot зенит-ракета мажмуалари учун ракеталарга эга давлатларни Украинанинг ҳаво мудофаасини кучайтиришда қўллаб-қувватлашга чақирди. Унинг таъкидлашича, ҳамкор давлатларнинг бундай ёрдам кўрсатишга тайёрлиги мамлакат аҳолисининг ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.











