Лукашенко 30 июл куни Брест вилоятига амалий ташрифи давомида бу қарор одамларни қўрқитиш, уларни жазолаш ёки армия сафларини тўлдириш мақсадида қабул қилинмаганини айтди.
«Бу кимнидир қўрқитиш ёки армия сафларини тўлдириш учун эмас. Агар сен бу ишда ишлашни истамасанг, сени бошқа ишда синаб кўрамиз. Оддий эркаклар ва аёллар бажарадиган ишда — армияда», деди у.
Беларус раҳбарининг таъкидлашича, бу чора одамлар устидан «масхара қилиш» ёки уларга нисбатан тазйиқ ўтказиш эмас, балки ўзини бошқа, мураккаб ва жисмоний жиҳатдан оғир ишда кўрсатиш имкониятидир.
Лукашенко, шунингдек, мамлакатда барча даражаларда меҳнат ва технологик интизом таъминланса, беларусликлар катта натижаларга эриша олишига ишонч билдирди. Унинг сўзларини Беларусь давлат ахборот агентлиги БелТА келтирган.
Қишлоқ хўжалигида ишлайдиган, аммо меҳнат интизомига амал қилмайдиган ходимларни армияга юбориш ҳақидаги топшириқни Лукашенко 21 июл куни берган эди.
Ўшанда у: «Ишлашни билмайдиганларнинг барчасини армияга ва жанубий чегарага юбориш керак. Ўрмонга. У ерда бизнинг йигитларимиз, махсус операциялар кучлари менинг буйруғим билан Украина чегараси бўйлаб жойлаштирилган», деган эди.
Лукашенко маъмурияти раҳбари Дмитрий Крутой 22 июл куни ушбу ҳарбий йиғинлар икки-уч ой давом этишини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Беларус раҳбари ҳосилни йиғиб олиш жараёнида «энг қатъий, сафарбарликка яқин тартиб»ни жорий этган. Шу муносабат билан ишда камчиликка йўл қўйган, интизомни бузган, ўғрилик қилган, маст ҳолда ишга чиққан, дангаса ва ишёқмас ходимларни Мудофаа вазирлиги ихтиёрига юбориш режалаштирилган.
Дмитрий Крутой бундай ходимлар учун хизмат шароитлари «спартанча», яъни ўта қаттиқ ва қулайликларсиз бўлишини таъкидлади.
Унинг айтишича, «текинхўрлар» армияда ўз жисмоний ҳолатини яхшилаш, интизомга ўрганиш ва қилган хатоларини мамлакат қуролли кучлари манфаати йўлида фойдали меҳнат билан тузатиш имкониятига эга бўлади.











