Сўнгги йилларда дунё бўйлаб круиз (денгиз кемасида саёҳат қилиш) туризми жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Бир кема бортида бир нечта мамлакат ва шаҳарларни кўриш, беш юлдузли меҳмонхона даражасидаги хизмат, хилма-хил овқатланиш, кечалик шоу-дастурлар, спа-марказлар ва оилавий дам олиш имкониятларининг барчаси бир пакетда жамланган бўлади — айнан шу сабабли круиз саёҳатлари жаҳон бўйлаб миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда.

Жанубий-Шарқий Осиёда бу йўналиш бўйича Малайзия сезиларли даражада ривожланиб бормоқда. Мамлакат ўзининг қулай географик жойлашуви — Тайланд, Ветнам, Хитой ва бошқа минтақа давлатларига яқинлиги туфайли круиз кемалари учун стратегик марказга айланмоқда.

Adora Mediterranea — йирик замонавий круиз кемаси

Малайзиянинг Порт Кланг портидан (Куала-Лумпур яқинида жойлашган) энди «Adora Mediterranea» номли йирик замонавий круиз кемаси доимий қатновлар амалга оширмоқда. Бу — Хитойнинг Adora Cruises компаниясига тегишли бўлган, ҳашаматли ва замонавий лойиҳалаштирилган йирик океан лайнери.

Кема ҳақида асосий маълумотлар

— Умумий тоннаж: 85 619 GT

— Узунлиги: 292 метр

— Эни: 32 метр

— Крейсерлик тезлиги: 22 узел, максимал тезлиги: 24 узел

— Йўловчилар сиғими: 2 680 кишигача

— Палубалар сони: 12 та

Кема ичида йўловчилар учун турли тоифадаги кабиналар мавжуд — ички (деразасиз) стандарт хоналардан тортиб, то денгиз манзарали баланкон (айвонли) люкс ва Grand Suite даражасидаги хоналаргача. Ҳар бир тоифа ўз навбатида Classic, Premium, Deluxe ва Super Deluxe даражаларига бўлинади, бу эса ҳар қандай бюджет ва эҳтиёжга мос вариант танлаш имконини беради.

Кема бортидаги имкониятлар

Круиз саёҳатининг асосий жозибаси — бу шунчаки транспорт эмас, балки бортнинг ўзи тўлақонли дам олиш маконига айланганлигидадир:

🍽 Овқатланиш

Кемада бир нечта ресторан мавжуд: 1 314 кишилик асосий икки қаватли ресторан, хитой ва италян таомлари тайёрланадиган махсус ресторанлар, денгиз маҳсулотлари ва мармар гўштдан тайёрланган стейклар сервис қилинадиган «Medusa» ресторани, анъанавий хитойча хот-пот тажрибаси, тайланд миллий таомлари ресторани ҳамда неаполитан пиццалари тайёрланадиган пиццерия. Кундузлари эса еврo-осиё услубидаги чой маросими ташкил этилади.