Фискал таҳлиллар институти томонидан 30 июл куни ўтказилган Фискал мулоқотда 2027 йилги солиқ сиёсати бўйича қатор таклифлар тақдим этилди. Унда ҚҚС, фойда солиғи, акциз, банк омонатлари, углерод солиғи ва бошқа йўналишлар юзасидан таҳлиллар эълон қилинди. 

Бироқ тадбир давомида ресурс солиқлари, хусусан ер қаъридан фойдаланганлик учун олинадиган солиқлар бўйича тадқиқотлар тақдим этилмади. 

“Солиқлар камайди, аммо газ қазиб олиш ҳамон пасаймоқда” 

Муҳокама чоғида Kun.uz мухбири институт вакилларидан 2017 йилдан кейин нефт-газ соҳасида жорий этилган солиқ имтиёзлари самарадорлиги юзасидан тадқиқотлар ўтказилган-ўтказилмаганига аниқлик киритишни сўради. 

Саволда қайд этилишича, сўнгги йилларда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари айрим йирик инвесторлар учун сезиларли даражада пасайтирилган. Жумладан, нефт ва газ қазиб олиш билан шуғулланувчи хорижий инвесторлар, хусусан Саноат Энергетика Гуруҳи (Санег), Лукоил ва бошқа йирик компанияларга қатор солиқ преференциялари берилган. 

Шу билан бирга, аввалроқ эълон қилинган расмий ҳисоб-китобларга кўра, ушбу имтиёзлар натижасида давлат бюджети триллионлаб сўм даромаддан воз кечган. 

Kun.uz мухбири солиқ юкининг камайтирилишига қарамай, кейинги йилларда табиий газ қазиб олиш ҳажми изчил пасайиб бораётганини эслатиб, Фискал институт бу имтиёзларнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаганми, деган саволни ўртага ташлади. 

Институт: ресурс солиқлари бўйича тадқиқотлар ҳали олдинда 

Фискал таҳлиллар институти директори Аббосбек Жўраевнинг айтишича, институт фаолият бошлаганига уч ой бўлган ва тадқиқотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозирча иккинчи чорак давомида бажарилган ишлар тақдим этилган бўлса, ресурс солиқлари ҳам институтнинг навбатдаги тадқиқот йўналишлари қаторига киритилган. 

Жўраевнинг билдиришича, институт ҳар бир солиқ имтиёзининг самарадорлигини баҳолаш методологиясини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Баҳолашда имтиёзларнинг иқтисодий ва ижтимоий самараси, муайян тармоқлар ривожига таъсири ҳамда аҳолини қўллаб-қувватлашдаги ўрни ҳисобга олинади.