Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга давлат ташрифи (23-24 август) арафасида ЎзА нашрига катта интервью берди.

 

– Ҳурматли президент, сўнгги йилларда Озарбойжон – Ўзбекистон муносабатлари жадал ривожланиб, энг юксак босқич – иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Ўзбекистонга яқин вақтда кутилаётган давлат ташрифингиз арафасида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини қандай баҳолайсиз?

– Икки қардош мамлакат – Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар муштарак тарих, маданият, тил ва маънавий қадриятлар, шунингдек, халқларимизнинг асрлар оша, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги ва чуқур ўзаро меҳр-оқибатига таянади. Ана шу мустаҳкам пойдевор асосида қурилган давлатлараро муносабатлар сўнгги йилларда мисли кўрилмаган ривожланиш босқичига кириб, энг юксак поғона – иттифоқчилик даражасига кўтарилди ва мутлақо янги мазмун касб этди.

Ўзбекистон президенти, менинг азиз биродарим, ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев билан ўртамиздаги самимий дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч Озарбойжон – Ўзбекистон қардошлигини мустаҳкамлаш, давлатлараро алоқаларни бугунги даражага олиб чиқиш ва иттифоқчилигимизни ривожлантиришда алоҳида ўрин тутади. Президент Мирзиёевнинг мамлакатларимиз қардошлиги, бирлиги ва иттифоқчилиги йўлидаги тинимсиз ва қатъиятли фаолияти Озарбойжонда унга нисбатан чуқур ҳурмат ва меҳр уйғотган.

Айтиб ўтганимдек, давлатларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқот жуда юқори даражада. Шубҳасиз, олий даражадаги мунтазам ўзаро ташрифлар – сўнгги беш йилда уларнинг сони 15 тани ташкил этди – ва яқин мулоқотларимиз ушбу алоқаларни жадал ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш учун қулай шароит яратмоқда.

Охирги беш йилда бу менинг қардош мамлакатга учинчи давлат ташрифим ва умуман олганда еттинчи ташрифимдир. Гўзал ва бетакрор Ўзбекистонга ҳар бир ташрифим мен учун алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, доимо катта мамнуният бағишлайди. Анъанага кўра, бу ташрифлар юксак меҳмондўстлик, қардошлик, самимият ва ўзаро англашув муҳитида ўтади. Қардош Ўзбекистонга ҳар сафар келганимда, айниқса сўнгги йилларда мамлакатнинг барча соҳаларда жадал ривожланаётганини кўриб, қувонаман. Замонавий шаҳарлар барпо этилиши, иқтисодиётнинг диверсификация қилиниши, йирик инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши, илм-фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларига қаратилаётган эътибор мамлакатнинг юксак ўсиш суръатларини яққол намоён этмоқда.