Грек компанияси бошқарувидаги Skiros нефт танкери Қора денгизда, Новороссийск яқинида учувчисиз учиш аппарати ҳужумига учради. Бу ҳақда Bloomberg 17 август куни вазиятдан хабардор манбага таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, танкер ҳужумдан олдин Каспий қувур консорциумининг Новороссийск яқинидаги терминалида Россияда қазиб олинган нефт партиясини бортига юклаган.

Ҳужум 16 август куни содир бўлган.

Bloomberg ушбу ҳодисани Россиянинг Украинага қарши уруши нефт ташиш йўналишларига таъсир кўрсатаётганининг навбатдаги мисоли сифатида баҳолаган. Агентлик маълумотига кўра, КҚК терминали орқали жаҳон бозорига етказиб бериладиган нефт глобал таъминотнинг тахминан 2 фоизини ташкил этади.

КҚК терминали, асосан, Қозоғистонда қазиб олинган ва экспорт учун мўлжалланган нефтни юклашда фойдаланилади. Бироқ манбанинг таъкидлашича, дрон ҳужумига учраган Skiros танкерига юкланган хомашё айнан Россияда қазиб олинган нефт бўлган.

Skiros бир вақтнинг ўзида 1 миллион баррелгача нефт ташиш имкониятига эга.

Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, КҚК терминали орқали экспорт қилинадиган умумий нефт ҳажмининг 5–10 фоизи Россия нефти ҳиссасига тўғри келади.

КҚК ҳудудида уч ҳафта ичидаги биринчи ҳужум

Skiros танкери билан боғлиқ ҳодиса КҚК терминали ҳудудида сўнгги уч ҳафта ичида қайд этилган биринчи дрон ҳужуми бўлди.

Июл ойида терминалга бир неча бор дронлар билан зарба берилган ва бу унинг фаолиятида узилишларга олиб келган эди. КҚК Қозоғистон нефтини жаҳон бозорига етказиб беришда муҳим аҳамиятга эга бўлгани сабабли терминал ишидаги муаммолар Қозоғистондаги айрим конларда нефт қазиб олиш ҳажмини қисқартиришга ҳам олиб келган.

Июл охирида Каспий қувур консорциуми хавфсизликка таҳдидни камайтириш ҳамда эҳтимолий нефт тўкилиши оқибатида атроф-муҳитга зарар етишининг олдини олиш мақсадида терминал фаолиятини вақтинча тўхтатиш имкониятини ҳам кўриб чиққан.

Бироқ якунда КҚК ишни давом эттиришга қарор қилган.

Танкерни бошқараётган грек компаниясининг билдиришича, Skirosʼга қилинган ҳужум оқибатида экипаж аъзоларидан ҳеч ким жабрланмаган. Нефт сизиб чиқиши ёки атроф-муҳит ифлосланиши ҳам қайд этилмаган.