TBC Bank Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳамкорликда кичик ва ўрта бизнес вакилларининг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган TBC Biznes Trening таълим дастурини давом эттирмоқда.
Дастур доирасидаги иккинчи тренинг 25–26 июл кунлари Наманганда бўлиб ўтди ва унда 50 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этди. Дастурга қизиқиш юқори бўлиб, унда иштирок этиш учун 200 дан ортиқ ариза келиб тушди. Тренинг иштирокчилари орасида Наманган билан бирга Фарғона ва Андижон вилоятларидан келган тадбиркорлар ҳам бор эди.

Икки кун давомида иштирокчилар амалий тажрибага эга мутахассислар билан ишлади ҳамда молиявий бошқарув, бизнесни режалаштириш, маркетинг ва савдо, етакчилик, жамоани бошқариш, рақамли воситалардан фойдаланиш ва мижозлар билан муносабатларни ривожлантириш каби олти йўналиш бўйича реал бизнес мисолларини таҳлил қилди.
Лойиҳа TBC Bank ва ЕТТБ томонидан Швейцария ҳукумати кўмагида, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш жамғармаси доирасида амалга оширилмоқда.

Тренингни Наманган вилояти “Аёл тадбиркор” уюшмаси раиси Лола Абдуҳалимова ҳамда OLX Uzbekistan компаниясининг операцион директори (Chief Operating Officer) Жаҳонгир Ҳамидов очиб берди.
“Ўтган икки кун давомида нафақат янги билимларни олдик, балки уларни амалиётда қўллашга ёрдам берадиган самарали воситаларни ҳам ўзлаштирдик. Энг муҳими, тренинг турли шаҳарлардан келган тадбиркорларни бир жойга жамлади. Бу бизга тажриба алмашиш, бизнесда учрайдиган умумий масалаларни муҳокама қилиш ва уни ривожлантириш учун янги ғояларни топиш имконини берди”, — деди тренинг иштирокчиси Дилшодбек Фазлиддинов.
Жорий йилда TBC Uzbekistan кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Компания тадбиркорлар учун рақамли молиявий ечимларни таклиф этиш билан бирга, бизнес эгаларига янги билим ва ривожланиш учун зарур амалий кўникмаларни эгаллашга ёрдам берувчи таълим ташаббусларини ҳам амалга оширмоқда.

“Биз кичик ва ўрта бизнес учун мўлжалланган ечимлар экотизимини фаол ривожлантириб, рақамли молиявий маҳсулотларни таълим ташаббуслари ва амалий тажриба алмашиш имкониятлари билан уйғунлаштирмоқдамиз. Биз учун мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги тадбиркорлар нафақат замонавий банк хизматларидан, балки бизнесни ишонч билан ривожлантириш ва кенгайтиришга хизмат қиладиган билимлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши муҳим. Айнан шундай ташаббуслар ҳудудлар ва умуман мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши учун узоқ муддатли имкониятларни яратади”, — деди TBC Uzbekistan Корпоратив коммуникациялар ва CSR бўлими раҳбари Камилла Муминова.
Навбатдаги TBC Biznes Trening 15-16 август кунлари Андижон шаҳрида бўлиб ўтади. Тренингда иштирок этиш бепул бўлиб, машғулотлар ўзбек тилида олиб борилади. Рўйхатдан ўтиш учун қуйидаги Теlegram-бот орқали ариза топшириш мумкин: https://t.me/TBCtadbirbot.











