24 июл куни TBC Bank Group OLX Uzbekistan компаниясидаги назорат улушини сотиб олди. Битим TBC ва Titan Investments қўшма корхонаси орқали амалга оширилди: қўшма корхона OLX’нинг Ўзбекистондаги бизнесининг 100 фоизини олди, TBC эса қўшма компаниянинг 50 фоиз ва битта акциясига эгалик қилади.
Битимдан сўнг фойдаланувчилар учун асосий саволлардан бири майдончадан фойдаланиш қоидалари ўзгарадими, деган савол бўлмоқда. Бепул эълонлар сақланиб қоладими, пулли хизматлар нархи ошадими, OLX ичида TBC ва Payme маҳсулотлари пайдо бўладими?
Kun.uz ушбу саволлар билан TBC’га мурожаат қилди.
Ҳозирча OLX аввалгидек ишлашда давом этади
TBC билдиришича, дастлабки босқичда OLX ишлаш тартибидаги асосий тамойилларни ўзгартириш режалаштирилмаган. Майдонча ўз брендини сақлаб қолади ва мустақил сервис сифатида ишлашда давом этади.
Компания асосий ўзгариш сифатида бошқарувнинг маҳаллий жамоага ўтишини айтмоқда. Маълум қилинишича, бу Ўзбекистон бозори билан боғлиқ қарорларни тезроқ қабул қилиш ҳамда OLX’нинг маҳсулот ва маркетинг жамоаларини кучайтириш имконини беради.
Фойдаланувчилар учун бу эгаси алмашганидан сўнг майдонча ишида бирданига сезиларли ўзгаришлар кутилмаётганини англатади.
Бироқ хизматлар нархи масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда.
TBC амалдаги тарифларни номаълум муддат давомида сақлаб қолишга ваъда бермаяпти. Компаниянинг билдиришича, OLX тарифлари ва тижорий шартлари платформани интеграция қилиш жараёни давомида қайта кўриб чиқилади.
«Ҳозирча аниқ қарорлар қабул қилинмаган, якуний шартлар кейинроқ белгиланади», дейилади компания жавобида.
Ҳозирча OLX тарифларида ўзгаришлар эълон қилинмади. Қайд этилишича, тижорий шартлар платформани интеграция қилиш жараёни давомида кўриб чиқилади, эҳтимолий ўзгаришлар ҳақида фойдаланувчилар олдиндан огоҳлантирилади.
OLX’да TBC маҳсулотлари пайдо бўлиши мумкин
OLX’да ойига 5 миллиондан ортиқ фаол фойдаланувчи ва қарийб 2 миллионга яқин фаол эълон мавжуд.














