Фискал таҳлиллар институти 30 июл куни ўтказилган Фискал мулоқотда Ўзбекистонда углерод солиғини босқичма-босқич жорий этиш таклифини илгари сурди.
Институтнинг Яширин иқтисодиёт, солиқ ва божхона маъмурчилигини таҳлил қилиш бошқармаси бош мутахассиси Фазлиддин Шамсиевнинг айтишича, янги солиқ фақат йирик саноат корхоналари, яъни катта ҳажмда иссиқхона газлари ва бошқа зарарли чиқиндилар чиқарадиган субъектларга нисбатан қўлланади.
Таклифга кўра, солиқ базаси корхоналарнинг атмосферага чиқараётган эмиссиялари ҳажми ёки углерод чиқиндисини юзага келтирувчи ёқилғи истеъмоли асосида белгиланади.
Шамсиевнинг таъкидлашича, дастлаб энг йирик эмиссия манбалари солиққа тортилади, кейинчалик эса тизимнинг қамрови босқичма-босқич кенгайтирилади.
Институт режасига кўра, 2027 йил — тайёргарлик босқичи, иссиқхона газлари инвентаризациясини ўтказиш, солиқ базаси ва ставкаларини ишлаб чиқиш; 2028 йилдан углерод солиғини жорий этиш; 2029–2030 йилларда қамров ва ставкаларни босқичма-босқич кенгайтириш назарда тутилмоқда.
“Фақат солиқ билан чекланиб қолмаслик керак”
Муҳокама давомида солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов углерод солиғи жорий этилишида айрим хавфларга эътибор қаратди.
Унинг фикрича, янги тизим “чиқиндини чиқаравериш мумкин, фақат солиғини тўлаш керак” деган ёндашувни шакллантирмаслиги керак.
Муҳаммаджоновнинг айтишича, айниқса иссиқхона хўжаликлари орасида зарарли чиқиндиларни камайтирувчи филтрлар ўрнатиш масаласи кўтарилмоқда, бироқ Ўзбекистонда бу борадаги техник стандартлар етарли даражада шаклланмаган.
“Дунёда газ чиқиндиларини филтрлаш бўйича бир неча стандартлар мавжуд. Ўзбекистон эса ҳозирча уларнинг бирортасини тўлиқ қабул қилмаган. 99 фоиз тежамкорлик бўлиши керак деган талаб бор, аммо бу қайси мезон асосида белгиланиши аниқ эмас”, — деди у.
Мутахассиснинг фикрича, янги солиқ тизими ишлаб чиқилаётганда корхоналарнинг замонавий филтрлаш ускуналари ўрнатиши ҳам рағбатлантирилиши лозим.
Муҳаммаджонов иссиқхона хўжаликлари етиштираётган маҳсулотларнинг катта қисми экспорт қилинишини эслатиб, экологик стандартлар масаласи халқаро бозорларда рақобатбардошликка ҳам таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иссиқхона майдонларини кенгайтириш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, айрим ҳудудларда минг гектарлаб янги иссиқхоналар ташкил этиш режалари эълон қилинган.















