Молиявий муаммолар гирдобида қолган «Бунёдкор» футбол клубига 5 млрд сўм маблағ ажратилди. Бу ҳақда клуб телеграм-каналида хабар қилинмоқда.

“Клубимизга ҳукуматимиз томонидан амалий ёрдам берила бошланди. Хусусан, кеча Ўзбекистон президентининг 2026 йил 24 мартдаги ПҚ-107-сон “Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида «Бунёдкор» футбол клубига 5 миллиард сўм ажратилди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, «Бунёдкор» Суперлиганинг навбатдаги учрашувларига режа асосида тайёргарлик кўришда давом этади.

Аввалроқ Тошкентнинг «Бунёдкор» футбол клубида чуқур молиявий муаммолар сақланиб қолаётгани, жамоа ПФЛга хат юбориб, Суперлиганинг 15-тури доирасида 2 август куни «Қизилқум»га қарши ўйин учун Навоий вилоятига бора олмаслиги ҳақида огоҳлантиргани маълум бўлганди.

Хатда «Бунёдкор» клубида йўл чипталарини харид қилиш, сафар давомида меҳмонхонада истиқомат қилиш ва делегация аъзоларини овқатлантириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун маблағ мавжуд эмаслиги айтилганди.