2023 йил 6 ноябрь куни Лозаннадаги Спорт арбитраж суди «Бунёдкор»га собиқ футболчиси Ривалдо олдидаги қарздорликни тўлаш мажбуриятини юклаганди. Кейинчалик 2024 йил 30 март куни клуб расмийлари ва футболчи ўртасида қарз мажбуриятлари миқдорини камайтириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш муддатлари бўйича келишувга эришилади. Ўтган икки йил давомида тўловлар ўз вақтида амалга оширилган. Аммо молиявий муаммо сабабли жорий йил учун ҳисоб-китоб белгиланган муддат, 2026 йилнинг 15 апрелига қадар амалга оширилмаган. Бу эса «Бунёдкор» учун жиддий муаммога айланиши мумкин.
Ривалдо олдидаги қарздорлик қанча?
«Бунёдкор»га Ривалдо учун жами 11 млн 164 минг 398 евро миқдорида пул тўлаш мажбурияти юклатилади. Бунда тўловлар қуйидаги кўринишда амалга оширилиши белгиланди:
- 2024 йил 1 майгача – 2 008 800 евро;
- 2025 йил 1 майгача – 2 008 800 евро
- 2026 йил 1 майгача – 2 008 800 евро
- 2027 йил 1 майгача – 2 008 800 евро
- 2028 йил 1 майгача – 2 008 800 евро.
Шунингдек, келишувдаги қарздорликнинг қолган бир қисми қуйидаги кўринишда ёпилиши керак бўлган:
- 2024 йил 1 майгача – 232 200 евро;
- 2025 йил 1 майгача – 232 200 евро
- 2026 йил 1 майгача – 232 200 евро
- 2027 йил 1 майгача – 232 200 евро
- 2028 йил 1 майгача – 232 200 евро.
Ўз навбатида, клуб ва футболчи ўзаро келишувга эришади ва умумий қарздорлик суммаси 7 млн 500 минг еврога камайтирилади. Бунда 2 млн 8,8 минг евро ўрнига 1 млн 350 минг (ҳар йилнинг 15 апрелигача), 232,2 минг евро ўрнига 150 минг евро (ҳар йилнинг 10 апрелигача) тўлов қилиниши белгиланади.
Қарздорлик вақтида ёпилмаса, нима бўлади?
«Бунёдкор» клуби ахборот хизматининг маълумотларига кўра, 2026 йил учун тўловларни белгиланган муддатда тўлашнинг имкони бўлмаган.
«Жорий йил учун Ривалдо Ферреира олдидаги қарздорлик бўйича тўловлар 2026 йил 15 апрелга қадар амалга оширилиши лозим эди. Бироқ унга жорий йил учун белгиланган тўловлар футбол клубидаги молиявий қийинчиликлар туфайли ҳозирги кунга қадар амалга оширилмасдан келинмоқда. Жорий йилнинг 6 май куни мазкур футболчининг қонуний вакиллари томонидан «Бунёдкор» футбол клубига расмий огоҳлантириш хати юборилди. Унга кўра, 48 соат ичида белгиланган қарздорликни бартараф этиш сўралган бўлиб, агар қарздорлик ушбу муддатда бартараф этилмаса, ўзаро келишувларда белгиланган қарздорлик бўйича чегирмалар бекор бўлиши, қарздорлик кечиктирилгани учун компенсация ва бошқа тўловлар ундириш юзасидан ФИФАга мурожаат қилиниши баён этилган», дейилади клуб хабарида.














