Тошкентнинг «Бунёдкор» футбол клубида чуқур молиявий муаммолар сақланиб қолмоқда. Ушбу жамоа ПФЛга хат юбориб, Суперлиганинг 15-тури доирасида 2 август куни «Қизилқум»га қарши ўйин учун Навоий вилоятига бора олмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Хатда «Бунёдкор» клубидаги оғир молиявий ҳолат мазкур қарорга сабаб сифатида кўрсатилган. Яъни, «Бунёдкор» клубида йўл чипталарини харид қилиш, сафар давомида меҳмонхонада истиқомат қилиш ва делегация аъзоларини овқатлантириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун маблағ мавжуд эмас.

ПФЛ матбуот хизматига кўра, Суперлига регламентидан келиб чиқиб, 15-тур доирасида ўтказилиши режалаштирилган «Қизилқум» – «Бунёдкор» учрашуви учун меҳмонларга техник мағлубият ёзилади. Шунингдек, мавсум давомида бу каби ҳолат қайта содир этилса, «Бунёдкор» футбол клубини Суперлига мусобақасидан четлаштириш масаласи Лига Ижроия қўмитаси кун тартибига киритилади.

Kun.uz мухбири бу борада маълумот олиш учун «Бунёдкор» клуби бош директори Мурод Алиев билан боғланди. Ушбу мутасадди клуб ички чемпионат доирасидаги сафар ўйинларига бора олмайдиган даражада молиявий қийинчиликни бошдан кечираётганини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, клубга биринчи кварталда 10 млрд сўм тушириб берилган, клубнинг ўзи ҳам ижара ва бошқа шартномалар асосида қарийб 11 млрд сўм ишлаб топган. Бироқ бу маблағлар клубнинг молиявий ҳолатини тиклаш учун етарли бўлмаган.

«Футболчилар ва ходимлар 6-7 ойдан бери маош олгани йўқ. Қўшимчасига Ривалдога тўланиши керак бўлган қарз ҳам бизнинг бўйнимизга қолган», – дейди Алиев.

У клубнинг Ривалдога 3 йиллик маоши тўланмагани ва бу «Бунёдкор»га йилига 26 млрд сўмга тушишини таъкидлаган.

«Муаммога ечим излаяпмиз. Муҳтарам президентимиздан ҳам ёрдам сўрамоқчимиз», – дея қўшимча қилади у.

Маълумот учун, «Бунёдкор» Суперлига жорий мавсумида 14-турдан сўнг турнир жадвалида 19 очко билан 10-ўринда бормоқда.

Бундан аввалроқ ФИФА Ривалдо олдидаги қарздорлик сабаб «Бунёдкор»га трансфер тақиқи қўйгани маълум бўлганди.