Бош прокурор ўринбосари – Ўзбекистон ҳарбий прокурори Қ.Исроилов раислигида Қуролли Кучлар вазирлик ва идораларининг мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши ўтказилди.

Видеоконференцалоқада мудофаа вазири Ш.Холмуҳаммедов, фавқулодда вазиятлар вазири А.Икромов, миллий гвардия қўмондони Б.Тошматов, ИИВ Қоровул қўшинлари ва ДХХ Чегара қўшинлари, Қуролли Кучлар тизимидаги барча ҳарбий округ, қўшилма, ҳарбий қисм, муассаса, доимий назорат-текширув идоралари, шунингдек, ҳарбий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биринчи раҳбарлари иштирок этди.

Мулоқотда жорий йилнинг ўтган даврида қўшинларнинг қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолияти кўриб чиқилди.

Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони томонидан Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган топшириқлар ижроси доирасида амалга оширилган тадбирлар натижаларига алоҳида урғу берилди.

Соҳаларни рақамлаштириш ишлари, шунингдек, киберхавфсизликни, ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқларини, оила аъзоларининг бандлигини ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, саломатлигини сақлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бу жабҳаларда ҳамкорликдаги тадбирлар муҳокама қилинди.

Якунида, кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.