Рейтингда дунёнинг еттита йирик минтақасидаги шаҳарлар яшаш шароитлари бўйича баҳоланган. Индексни ҳисоблашда барқарорлик, соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма, маданият ҳамда атроф-муҳит каби асосий мезонлар инобатга олинган.
Тадқиқотга кўра, Ғарбий Европа соғлиқни сақлаш тизими ва инфратузилма сифати бўйича энг юқори кўрсаткичларни қайд этган. Шимолий Америка эса таълим соҳасида максимал — 100 балл тўплаган. Мутахассислар бу ҳудудларда ҳаёт сифати юқори бўлишини барқарор давлат институтлари, ривожланган ижтимоий хизматлар ва замонавий транспорт тармоқлари билан изоҳламоқда.
2026 йилда энг катта ижобий ўсиш Осиёда кузатилди. Минтақанинг ўртача кўрсаткичи 74 баллга етди. Бунга асосан Хитой ва Япония шаҳарларининг яхшиланган натижалари таъсир кўрсатган. Бироқ Осиё ҳали ҳам Ғарбий Европа ва Шимолий Америкадан анча ортда қолмоқда. Минтақанинг энг заиф жиҳатлари маданият, атроф-муҳит ва инфратузилманинг нотенг ривожлангани бўлиб қолмоқда.
Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақаси эса энг катта пасайишни қайд этди. Унинг ўртача кўрсаткичи бир баллга тушиб, 61 баллни ташкил қилди. Таҳлилчилар бу ҳолатни АҚШ, Исроил ва уларнинг иттифоқчилари ҳамда Эрон ўртасидаги ҳарбий можаролар билан боғламоқда. Минтақадаги энг паст баҳоланган мезон барқарорлик бўлди.

Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка 55 балл билан рейтингнинг охирги поғонасини эгаллади. Бу ҳудуд соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва барқарорлик кўрсаткичлари бўйича энг паст баҳоларни олган.
Лотин Америкаси ва Шарқий Европа рейтингнинг ўрта қисмига жойлашди. Ҳар икки минтақа таълим соҳасида нисбатан яхши натижаларга эришган бўлса-да, барқарорлик бўйича паст баҳолар уларнинг юқори ўринларни эгаллашига тўсқинлик қилган.











