Чўлпонотада бўлиб ўтган учрашувлар Марказий Осиёда сўнгги йилларда шаклланаётган янги сиёсий муҳитнинг мантиқий давоми бўлди. Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг иттифоқчи давлатлар мақомини олиши муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Таҳлилчиларга кўра, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбойжон ўртасидаги мулоқотнинг тобора фаоллашаётгани минтақавий ҳамкорликнинг янги форматини шакллантиряпти.
— Қирғизистонда икки томонлама музокаралар ҳамда Марказий Осиё ва Озарбойжон етакчиларининг норасмий учрашуви қандай ўтди?
Камолиддин Раббимов: Қирғизистонда минтақа учун муҳим аҳамиятга эга учрашувлар бўлиб ўтди. Дастлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида икки томонлама музокаралар ўтказилди, иккинчи томондан эса Марказий Осиё давлатлари ҳамда Озарбойжон етакчиларининг норасмий учрашуви ташкил этилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, Марказий Осиё ва Озарбойжон форматининг шаклланиши ўтган йилдан бошланди. Айнан ўша даврда Ўзбекистон президенти томонидан “Марказий Осиё ҳамжамияти” ғояси илгари сурилди. Шунингдек, Озарбойжон Марказий Осиё давлатлари маслаҳатлашув форматига расман қўшилди ва натижада “Марказий Осиё + Озарбойжон” мулоқот майдони юзага келди.
Бу сафарги учрашувнинг энг муҳим натижаси шундаки, Ўзбекистон ва Қирғизистон иттифоқчи давлатлар мақомига кўтарилди. Шу тариқа, Қирғизистон Ўзбекистоннинг бешинчи иттифоқчи давлатига айланди.
Бу жараён Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги муҳим эволюцияни кўрсатади. Ислом Каримов даврида Ўзбекистон фақат битта давлат – Россия билан иттифоқчилик муносабатларини ўрнатган эди. Ушбу келишув 2005 йилда, мураккаб ички ва халқаро вазият фонида шаклланган бўлиб, ўша даврдаги геосиёсий босимларни юмшатишга қаратилган эди. Шундан кейин Каримов бошқа давлатлар билан иттифоқчилик муносабатларига киришгани йўқ Ҳозирги босқичда эса мутлақо бошқа ёндашув кузатилмоқда.
2022 йил декабр ойида Қозоғистон, 2024 йилда Тожикистон ва Озарбойжон билан, эндиликда эса Қирғизистон билан иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди. Бу Ўзбекистоннинг минтақавий интеграцияни ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлантираётганини англатади. Географик нуқтайи назардан ҳам бу муҳим жараён. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча давлатлар, шунингдек, Афғонистон билан чегарадош. Бугунги кунга келиб, қўшни давлатлардан фақат Туркманистон ва Афғонистон билан иттифоқчилик муносабатлари мавжуд эмас.
Туркманистоннинг позицияси тушунарли. Мамлакат ташқи сиёсатининг асосий тамойили доимий бетарафлик ҳисобланади. Шу сабабли Ашхобод минтақавий интеграция ташаббусларида эҳтиёткорлик билан қатнашади ва сиёсий мажбуриятларни кучайтирадиган форматлардан четда туришга ҳаракат қилади. Қирғизистондаги учрашувларнинг айрим босқичларида Туркманистон вакилларининг иштирок этмагани ҳам айнан шу сиёсат билан изоҳланади.








