Шавкат Умрзоқовнинг президентга тақдимотидан кейин, Юнусобод деҳқон бозори бузиб ташланган эди. Лекин йил бошидан бери лойиҳа ривожи тўхтаб қолган, қурилиш бўлаётгани йўқ. Оқибатда истиқболли лойиҳа ўрнида одамлар учун қўшимча муаммолар туғдираётган қаровсиз ҳудуд пайдо бўлди. Шаҳар ҳокимлигининг муниципал активлар маркази саволларни жавобсиз қолдирмоқда.
Тошкент ҳокими Шавкат Умрзоқов 2024 йил ноябр ойида шаҳардаги қатор қурилиш лойиҳаларини давлат раҳбарига тақдимот қилган эди. Лойиҳалар орасида Юнусобод деҳқон бозори ўрнида уч қаватли экобозор қуриш режаси ҳам бор эди.
Тақдимотда бу лойиҳа ҳудуд қиёфасини янгилаши, савдогарлар учун қулай шароит яратиши ва аҳолига замонавий савдо хизматларини таклиф қилиши айтилганди.
Орадан қарийб бир йил ўтиб, 2025 йил сентябр ойида эски бозорни бузиш ишлари бошланди. Аммо орадан бир муддат ўтгач, лойиҳа деярли ҳаракатсиз ҳолатга келиб қолди.
Сўнгги етти ой давомида қурилиш майдонида сезиларли иш олиб борилмаяпти. Оқибатда истиқболли лойиҳа ўрнида одамлар учун қўшимча муаммолар туғдираётган қаровсиз ҳудуд пайдо бўлди.
Лойиҳа нега тўхтаб қолди?
Экобозор қурилиши нега тўхтаб қолгани номаълум. Лойиҳага ким инвестор, ким буюртмачи, молиялаштириш манбаси қаер, қурилиш қачон битади – бу саволларга очиқ манбаларда жавоб йўқ.
Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати билан боғланди. Пойтахт прессаси бозорлар билан Муниципал активларни бошқариш маркази ишлашини маълум қилди. Ушбу марказ ходими эса Kun.uz'нинг охирги 7 ойдан бери қурилиш ишлари нега тўхтаб қолгани ҳақидаги саволини жавобсиз қолдирди. Мутасадди идора материал эълон қилингунга қадар ҳолат юзасидан расмий изоҳ бергани йўқ.
Одатда йирик объектни бузишдан олдин унинг ўрнида қуриладиган янги иншоотнинг молиявий, техник ва ташкилий масалалари пухта ҳал этилган бўлиши керак. Юнусобод – пойтахтнинг энг гавжум туманларидан бири. Минг-минглаб инсонлар ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган бозорни шошилинч бузиб, кейинчалик узоқ вақт ташлаб қўйиш – режалаштириш ва бошқаришдаги жиддий камчиликлардан далолат беради.








