Германия Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, жорий йил июл ойида мамлакатда бошпана бериш бўйича 4311 та дастлабки ариза қабул қилинган. Бу кўрсаткич 2025 йил июлида қайд этилган 8293 та аризага нисбатан деярли икки баробар кам. 2024 йил июли билан таққослаганда эса мурожаатлар сони қарийб 75 фоизга қисқарган.

Tagesschau нашрининг таъкидлашича, бу бир марталик ҳолат эмас. Германияда бошпана изловчилар сони бир неча ойдан буён изчил камайиб бормоқда. Масалан, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатда илк бор бошпана сўраганлар сони 39 646 нафарни ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 72 818 нафар бўлган.

Германия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил давомида мамлакатда жами 113 236 та дастлабки бошпана аризаси қабул қилинган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 50 фоиздан ортиқ камдир. Такрорий мурожаатлар ҳам ҳисобга олинганда, ўтган йили жами 168 543 та бошпана аризаси расмийлаштирилган. Бу эса аввалги йилга нисбатан 32,8 фоизга кам кўрсаткичдир.

Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт ушбу тенденцияни ҳукуматнинг миграция соҳасидаги сиёсати самараси сифатида баҳолаган. Унинг фикрича, мамлакатда чегара назорати кучайтирилиши ва миграция қоидаларининг қатъийлаштирилиши натижа бермоқда.

Мутахассислар қайд этишича, бошпана сўровларининг камайиши нафақат Германия, балки бутун Европа Иттифоқи учун хос тенденцияга айланган. Бу ҳолат Европа Иттифоқининг миграция қонунчилиги кучайтирилгани билан изоҳланмоқда.

Жорий йил июн ойидан бошлаб Умумевропа бошпана бериш тизими (CEAS) ишга туширилди. Янги тизимга мувофиқ, Европа Иттифоқи ташқи чегараларида бошпана изловчилар учун дастлабки текширувлар жорий этилди ва уларнинг аризаларини кўриб чиқиш жараёни тезлаштирилди.

Шу билан бирга, Германияда қуруқлик чегаралари орқали ноқонуний кириш ҳолатлари ҳам сезиларли даражада қисқарган. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда бундай ҳолатлар 62 526 тани ташкил этган. Бу 2023 йилда қайд этилган 127 549 та ҳолатга нисбатан қарийб икки баробар камдир.

Германия ҳукумати бу натижани 2024 йил сентябридан амал қилаётган кучайтирилган чегара назорати билан боғламоқда. Аввал вақтинчалик чора сифатида жорий этилган мазкур тартиб бир неча бор узайтирилган ва ҳозирча сентябргача амал қилади. Ички ишлар вазири Александр Добриндт эса яқинда Испаниянинг Сеута ҳудудидаги миграция инқирозини инобатга олган ҳолда, ушбу назорат чоралари кейинчалик ҳам сақлаб қолинишини билдирган.