Украина Ички ишлар вазирлиги ва Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра, Миколайив шаҳрида турар жой секторига берилган зарба натижасида 89 ёшли аёл ҳалок бўлди. Яна етти киши жароҳат олган бўлиб, улар орасида икки ва 12 ёшли қизлар ҳам бор.

Суми шаҳрида эса Россия қўшинлари шаҳарнинг фуқаролик инфратузилмасига олтита бошқарилувчи авиабомба ташлади. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Григоровнинг маълум қилишича, ҳужум натижасида беш ва ўн ёшли икки қизалоқ ҳамда кекса аёл ҳалок бўлган. Яна тўрт киши кучли стресс ҳолати билан шифокорларга мурожаат қилган.

Ҳужумлар туфайли турар жой бинолари ва бошқа иншоотлар вайрон бўлган. Қутқарув ишлари давом этаётган вақтда амалга оширилган такрорий зарбалар натижасида қутқарувчилар техникаси ҳам шикастланган. Шунингдек, Россия ҳужумлари ортидан Суми вилоятида кенг кўламли электр таъминоти узилиши юз берган.

Донецк вилоятининг Краматорск шаҳри марказига икки бошқарилувчи авиабомба тушган. Вилоят раҳбари Вадим Филашкин ва шаҳар мэри Александр Гончаренко маълумотига кўра, ҳужум оқибатида 22 киши жароҳатланган.

Харкив вилоятининг Балаклея шаҳрида ракета турар жой яқинига келиб тушиши натижасида икки киши жароҳат олган. Одесса вилоятидаги Белгород-Днестровский шаҳрида ҳам яна икки киши яраланган.

Днипро шаҳрида омборхоналар нишонга олинган, аммо у ерда ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган. Чернихив вилоятининг Новгород-Северский туманида эса почта инфратузилмаси объектига берилган зарба оқибатида ёнғин келиб чиққан.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълум қилишича, 4 августга ўтар кечаси Россия Ростов вилоятидан «Искандер-М» баллистик ракетасини учирган ва Украина ҳудудига 136 та зарбали дрон йўналтирган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Украина ҳаво мудофаа тизимлари 117 та дронни йўқ қилган ёки радиоэлектрон кураш воситалари орқали зарарсизлантирган. Шунга қарамай, баллистик ракета ва 14 та дрон 14 та ҳудудга зарба берган, яна уч жойда эса уриб туширилган нишонлар парчалари ерга тушган.