5 август куни соат 15:17 да Тошкент шаҳридаги 110 кВли «Л-Навоий-2» электр узатиш тармоғида носозлик юзага келди.
Оқибатда Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли узилиш кузатилган.
Маълум бўлишича, носозликка қурилиш ишларини олиб бораётган ташкилотнинг махсус техникаси ҳайдовчиси томонидан хавфсизлик техникаси талабларига риоя этилмагани сабаб бўлган. Натижада электр узатиш тармоғига шикаст етказилган.
Энергетиклар томонидан тезкор чоралар кўрилиб, соат 15:49 да электр таъминоти муқобил манбалар орқали тўлиқ тикланган.
“Агар электр узатиш тармоқлари яқинида махсус техникалар билан хавфсизлик қоидаларига риоя этилмаган ҳолда ишлар олиб борилаётганига гувоҳ бўлсангиз, бефарқ бўлманг”, дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.











