Visual Capitalist томонидан Жаҳон банки ҳамда Our World in Data платформаси маълумотлари асосида тайёрланган инфографикада мамлакатлар аҳоли жон бошига тўғри келадиган қайта тикланувчи чучук сув захиралари бўйича таққосланган.
Унга кўра, Исландия ушбу рейтингда мутлақ етакчи ҳисобланади. Мамлакатда ҳар бир аҳоли ҳиссасига йилига тахминан 15,7 миллион куб фут, яъни қарийб 445 минг куб метр қайта тикланувчи чучук сув тўғри келади.
Мутахассислар бу кўрсаткични мамлакатдаги кўплаб музликлар, йил давомида ёғадиган сероб ёғингарчилик ва аҳолининг нисбатан камлиги — тахминан 400 минг киши экани билан изоҳлайди. Шу омиллар Исландияни аҳоли жон бошига чучук сув билан энг яхши таъминланган давлатлардан бирига айлантирган.
Рейтингда кейинги ўринларни Гайана ва Суринам эгаллаган. Бу мамлакатларда тропик иқлим туфайли ёғингарчилик кўп бўлиб, серсув дарёлар тармоғи яхши ривожланган. Шу билан бирга, аҳоли сони нисбатан камлиги сув ресурсларининг аҳолига тўғри келадиган улушини оширади.
Таҳлилда қайд этилишича, умумий сув захираси катта бўлган мамлакатлар ҳар доим ҳам аҳоли жон бошига сув таъминоти бўйича юқори ўринларни эгалламайди. Масалан, Канада дунёдаги энг катта чучук сув захираларидан бирига эга бўлса-да, уларнинг катта қисми аҳоли яшайдиган ва қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудлардан анча узоқда жойлашган.
Худди шундай ҳолат Россия ва Бразилия учун ҳам хос. Бу мамлакатларда қайта тикланувчи сув ресурслари улкан ҳажмни ташкил этса-да, аҳоли сони кўплиги сабабли бир кишига тўғри келадиган сув миқдори рейтингда пастроқ баҳоланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатнинг умумий сув захиралари катта бўлиши унинг барча ҳудудлари сув билан бир хил таъминланганини англатмайди. Агар асосий сув манбалари аҳоли зич жойлашган ёки қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудлардан узоқда бўлса, айрим минтақаларда сув танқислиги юзага келиши мумкин.
Дунёда чучук сувга энг бой давлатлар маълум бўлди
08:17 / 06.08.202612 0202 мин
Жаҳонда чучук сув захираси энг кўп бўлган мамлакатлар ҳақидаги янги рейтинг эълон қилинди. Таҳлил умумий сув захираси эмас, балки аҳоли жон бошига тўғри келадиган қайта тикланувчи чучук сув ҳажми асосида тузилган бўлиб, унда Исландия катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллади.











