Москва шаҳрида Россия Қуролли кучларининг генерал-лейтенанти Игор Ерусалимов билан видолашув ва дафн маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда украиналик OSINT-блогер Necro Mancer маҳаллий маҳалла чатларида эълон қилинган хабарларга таяниб маълум қилди.

Хабарга кўра, видолашув маросими Москванинг Солнцево туманида ўтказилган. Маросим бўлиб ўтган манзил очиқ маълумотлар базаларида 53 ёшли генералнинг яшаш жойи сифатида қайд этилган манзилга мос келади. Дафн маросими 5 август куни эрталаб ўтказилган, аммо ҳарбийнинг қачон ва қандай шароитда вафот этгани расман маълум қилинмаган.

Россиянинг «Медиазона» нашри ҳам генералнинг ўлим санасини мустақил равишда аниқлай олмаганини ёзган.

Шу билан бирга, «ВЧК-ОГПУ» Telegram-канали 5 август куни Москвадаги Троекурово қабристонида махфий тарзда нисбатан ёш генералнинг дафн маросими бўлиб ўтганини хабар қилди. Канал ҳарбийнинг исмини келтирмаган, бироқ маросимда Россия Ҳаво-космик кучлари фахрий қоровули иштирок этгани ва қабр ёнида Қуруқлик қўшинлари байроғи ўрнатилганини маълум қилган.

Канал муаллифлари ушбу генерал 1 август куни Москва марказидаги Balzi Rossi ресторанида юз берган портлаш оқибатида ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Бироқ бу маълумот расмий манбалар томонидан тасдиқланмаган.

1 август куни мазкур ресторанда содир бўлган портлаш натижасида расмий маълумотларга кўра, уч киши ҳалок бўлган, яна 21 киши турли даражада жароҳат олган. «Коммерсант» газетаси манбаларига таяниб ёзишича, хусусий тадбир давомида аёл олиб кирган қути ичида портловчи мослама бўлган.

Айрим ҳарбий блогерлар ва украин манбалари портлашнинг эҳтимолий нишони Россия Ҳаво-космик кучлари бош қўмондони Александр Чайко бўлганини илгари сурган. Бироқ Россия манбалари унинг жабрланмаганини билдирган.

Расмий идоралар портлаш қурбонлари ва жабрланганларининг шахсини ошкор қилмаган. Шу билан бирга, «Агентство» нашри ҳодиса оқибатида Александр Чайконинг куёви Даниил Передрий ҳалок бўлганини маълум қилган. Айрим бошқа манбалар эса генералнинг қизи Мария Чайко ҳам жароҳат олган бўлиши мумкинлигини ёзган. Аммо бу маълумотлар ҳам ҳозирча мустақил ёки расмий манбалар томонидан тасдиқланмаган.