Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил июл ойида 1 килограмм палов тайёрлашнинг энг юқори шартли қиймати Тошкент шаҳрида қайд этилди. Пойтахтда палов учун зарур маҳсулотлар қиймати 128 минг 730 сўмни ташкил қилди.

Ҳудудлар кесимида кейинги ўринларда Фарғона вилояти (125 минг 283 сўм), Тошкент вилояти (122 минг 346 сўм) ва Самарқанд вилояти (122 минг 320 сўм) қайд этилган.

Энг паст қиймат эса Қорақалпоғистон Республикасида кузатилган бўлиб, у ерда бир килограмм палов тайёрлаш учун 107 минг 396 сўм талаб этилади. Шунингдек, Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 113 минг 707 сўм, Андижон вилоятида эса 116 минг 554 сўмни ташкил этган.

Ҳисоб-китоблар кунгабоқар ёғи, пиёз, мол гўшти, сабзи, лазер гуручи, нўхат, зира ва ош тузи каби маҳсулотларнинг ўртача нархлари асосида амалга оширилган.

Миллий статистика қўмитаси таъкидлашича, мазкур ҳисоб-китоблар палов тайёрлаш учун зарур маҳсулотлар қийматини акс эттиради. Улар ҳудудларда тайёр ҳолда сотилаётган бир килограмм паловнинг бозор ёки умумий овқатланиш шохобчаларидаги нархини англатмайди.