Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов 8 август куни Сенат ялпи мажлисида 2025 йил якунлари бўйича коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани тақдим этди.
Маърузадан кейин сўзга чиққан Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов айрим статистик рақамларни очиқлади. Kun.uz сенатор айтиб ўтган маълумотларни 2024 йил билан таққослаган ҳолда келтириб ўтади.
Маълум бўлишича, 2025 йилда республика бўйича судлар томонидан 7517 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бу – бир йил олдингидан (7354) 163 нафарга ёки 2,2 фоизга кўп.
2025 йилда коррупционерлар давлат манфаатларига 2,9 триллион сўмдан ортиқ зарар етказди. 2024 йилда бу кўрсаткич 2,81 триллион сўмни ташкил этганди.

Андижон вилояти коррупцион жиноятлар бўйича “етакчилик”ни сақлаб қолмоқда: 2024 йилда бу вилоятда 882 киши коррупция учун судланган бўлса, 2025 йилда уларнинг сони 946 нафарга етди.
Ўтган йили Тошкент вилоятида 793 нафар (бир йил олдин – 697 нафар), Қашқадарёда 745 нафар (695), Самарқанд вилоятида 709 нафар (643), Наманган вилоятида 549 нафар (877) шахс коррупцион жиноят содир этган.
Соҳалар кесимида маҳаллий ҳокимликлардаги коррупция ҳолатларининг кескин кўпайгани эътиборли. 2024 йилда ҳокимликларда ишловчи 106 нафар, 2025 йилда эса 497 нафар ходим коррупцион жиноятлар учун жавобгарликка тортилган.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш (2024 йилда 342 нафар; 2025 йилда 404 нафар) ва олий таълим муассасалари (90, 161) ходимлари орасида ҳам коррупцияга қўл урганлар сони кўпайган.
Айни пайтда мактабгача ва мактаб таълими тизимида (2024 йилда 654 нафар; 2025 йилда 580 нафар) ҳамда тижорат банкларида (271, 245) коррупция билан қўлга тушганлар сони камайган.








