Сунъий интеллектга асосланган ишчи маҳсулотга эга жамоалар President AI Award 2026 танловига 15 августгача ариза топшириши мумкин. Танловнинг умумий инвестиция жамғармаси 1 млн долларни ташкил этади.
Ўзбекистонда AI-стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган President AI Award 2026 танловига аризалар қабул қилиш муддати узайтирилди. Энди жамоалар ҳужжатларни 15 августгача тақдим этиши мумкин.
Танловга фақат концепция босқичидаги лойиҳалар эмас, ишлайдиган MVP’га эга маҳсулотлар қабул қилинади. Лойиҳани амалда намойиш этиш ва унинг ишлашини тасдиқлаш имконияти бўлиши талаб этилади.

Лойиҳалар қайси йўналишларда қабул қилинади?
Танлов қуйидаги бешта йўналишни қамраб олади:
— давлат бошқаруви;
— саноат ва тадбиркорлик;
— соғлиқни сақлаш ва тиббиёт;
— таълим;
— яшил иқтисодиёт ва агротехнологиялар.
Танловда 18 ёшдан катта иштирокчилардан ташкил топган 3–8 кишилик жамоалар қатнашиши мумкин.
Аризага лойиҳанинг ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги тақдимоти, уч дақиқагача бўлган видеотақдимот, ишлайдиган MVP ҳаволаси ҳамда жамоа ҳақидаги маълумотлар илова қилинади.
25 та стартап акселерациядан ўтади
Дастлаб саралашдан ўтган 25 та стартап акселерация дастурига қабул қилинади. Унинг доирасида жамоалар ментор ва экспертлар билан ишлайди, маҳсулотини ривожлантиради ҳамда инвесторларга тақдимот қилишга тайёрланади.
Акселерация якунида стартаплар ўз ишланмаларини Demo Day давомида тақдим этади. Шундан сўнг ҳар бир йўналиш бўйича учтадан, жами 15 та ғолиб аниқланади.
Биринчи ўрин соҳибларига 100 минг доллар, иккинчи ўрин эгаларига 60 минг доллар, учинчи ўрин соҳибларига эса 40 минг доллар инвестиция ажратилади.
Маблағлар IT Park Ventures томонидан белгиланган KPI кўрсаткичлари бажарилишига қараб икки траншда тақдим этилади.
Танловда иштирок этиш бепул. Аризаларни awards.gov.uz платформаси орқали 15 августгача топшириш мумкин.
President AI Awardʼга оид янгиликлар ва муҳим эълонлар @president_ai_award Telegram-каналида бериб борилади.
Танловнинг медиа ҳамкори — The Tech, Entertainment ҳамкори — OQ мобил алоқа иловаси.
Реклама ҳуқуқи асосида






