Россия олий суди «Яблоко» партиясини Давлат думаси учун сайловдан четлатиш тўғрисидаги даъвони қаноатлантирди. Бундай даъво жума куни «Родина» партияси томонидан киритилганди. Ушбу рақобатчи партия «Яблоко»ни турли қонунбузарликлар, жумладан, муаллифлик ҳуқуқига риоя қилмаслик, ноқонуний сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳамда экстремизмни қўллаб-қувватлашда айблаган. Бу даъвони судя Вячеслав Кириллов кўриб чиқди. Айнан у баҳорда «Мемориал» халқаро жамиятини «экстремистик» деб топганди. Суд қарори қонуний кучга кирмаган, «Яблоко» апелляция беради.

«Родина» «Яблоко»нинг урушга қарши позициясини экстремизм ҳамда Россиянинг ҳудудий яхлитлигини бузишга даъват сифатида талқин қилган. Cудда даъвогар томон вакили бу айблов мантиқини шундай тушунтирган: «Россия ҳудудининг бир қисми неонацист режим томонидан оккупация қилинган. Зудлик билан ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув тузишга чақириқлар оккупация қилинган ҳудудларни озод этишни тўхтатиш ёки уларни озод этишдан бош тортишга чақириқ ҳисобланади». Шунингдек, «Яблоко» ЛГБТК-жамиятга қарши қатағонларга қўшилмаслиги ҳам экстремизмни қўллаб-қувватлаш деб ҳисобланган.

Муаллифлик ҳуқуқи бузилиши ҳақидаги айбловлар янада абсурд бўлиб чиқди. «Родина»дагилар иддаосига кўра, совет қўшиқларидаги «Доим қуёш чиқсин» ва «Уруш бўлмасин» каби иборалардан фойдаланиш (бу гўёки қўшиқларнинг муаллифлари ҳуқуқларини бузади), ChatGPT томонидан яратилган расмларни эълон қилиш (бу гўёки нейрон тармоқ эгаси бўлган компания ҳуқуқларини бузади) ва Ҳиросиманинг бомбардимон қилинган фотосуратидан фойдаланишни (бу гўёки Америка армияси ҳуқуқларини бузади) муаллифлик ҳуқуқларини бузиш ҳисобланади. Шунингдек, «Яблоко» логотипи совет рассоми Эл Лисицкийнинг ўтган аср бошида яратилган плакатидан кўчирилгани даъво қилинган.

«Яблоко» етакчиси Николай Рибаков Олий суд эшитувида
Павел Бедняков / AP / Scanpix / LETA

«Яблоко» етакчиси Николай Рибаков барча айбловларни рад этди. У «Родина» «Яблоко»ни сиёсий позицияси ва сайловолди дастури амалдаги ҳокимият йўналишидан фарқ қилиши туфайли айблашга ҳаракат қилаётганини таъкидлаган. «Турли партиялар бир хил жамоатчилик фикрини шакллантира олмайди. Фуқароларнинг қарашлари турлича ва уларни турли партиялар ифода этиши керак. <...> Даъвогарнинг вакилига бизни ўлдирилишни истамайдиган одамлар қўллаб-қувватлаётганини қандай тушунтиришни билмайман», – дея хулоса қилди Рибаков.