Таъкидланишича, Татаристон Ўзбекистон томонига ҳодиса ва жабрланганлар ҳақида маълумот олишда ҳамда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларининг жасадини ватанига жўнатишни ташкил этишда ёрдам кўрсатмоқда.
Хабарга кўра, ёрдам жараёнини бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Нигматуллин назорат қилиб бормоқда. Ҳалок бўлганларнинг жасадини ватанига юборишдан олдин Нижнекамск масжидларидан бирида жаноза намози ўқилган. Ўзбекистон томони билан ишлар республика раҳбари Рустам Миннихановнинг топшириғи билан олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 10 август куни Нижнекамск Украина дронлари томонидан оммавий ҳужумга учраган эди. Оқибатда 78 киши жабрланди, 13 киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлди. Тергов қўмитаси теракт моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. Татаристонда фожиа муносабати билан мотам эълон қилиниб, кўнгилочар тадбирлар бекор қилинди ва бошқа кунга кўчирилди.
Нижнекамскдаги ҳужумда ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор. Тошкентнинг Қозондаги Бош консулхонаси республиканинг етти нафар фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилди. Кейинчалик Ўзбекистон ФВВ уларнинг сони 8 нафарга етгани, президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси ташкил этилгани ҳақида хабар берган эди.











