Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи лойиҳа ишлаб чиқилди. Унда, жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартибини янгилаш таклиф қилинган.
Лойиҳага мувофиқ, амалдаги тартиб айланмадан олинадиган солиқлар билан бир қаторда, ушбу солиқлар бўйича солиқ текширувлари натижасида қўшимча ҳисобланган солиқ ва молиявий санкцияларга ҳам татбиқ этилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришда мавжуд таъминлаш воситалари қаторига суғурта полиси ҳам қўшилиши таклиф этилган. Бунда солиқ тўловчининг молиявий ҳолати ва истисно этувчи ҳолатлар мавжудлигидан қатъи назар, ваколатли орган томонидан солиқларни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши назарда тутилмоқда.
Яна бир муҳим ўзгариш — аризаларни топшириш жараёнига тааллуқли. Манфаатдор шахслар аризаларни солиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали орқали тақдим этиши белгиланмоқда. Айрим ҳолатларда эса солиқ солиш объекти жойлашган ҳудуддаги туман ёки шаҳар ҳокимлигига қоғоз ёки электрон шаклда мурожаат қилиш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш билан боғлиқ айрим ваколатлар ҳудудий даражага туширилиши таклиф қилинмоқда. Хусусан, жараёнда туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг иштироки назарда тутилган.
Ҳужжат лойиҳасида тегишли қарорларни қабул қилиш учун белгиланган 30 кунлик муддатни 20 кунга қисқартириш ҳам кўзда тутилган.
Мазкур ўзгартишлар ҳозирча лойиҳа бўлиб, улар қабул қилинганидан кейингина амалдаги тартибга киритилади.











